2025 йил 8-10 октябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё—Россия саммити бўлиб ўтади ва унда Владимир Путин ҳам қатнашади. Россия президенти Тожикистонга шу пайтгача 12 марта келган ва бу 13-ташриф бўлади. Гарчи Путин қўшни давлатга 12 марта келган бўлса-да, бу рекорд кўрсаткич эмас ва статистика бўйича биринчи бешталикка ҳам кира олмаган. Хўш, Путин энг кўп қайси давлатларга борган?
1999 йил 9 август куни Россияда ФСБ (собиқ КГБ) раҳбари Владимир Путин Россия бош вазири вазифасини бажарувчи бўлади. 16 август куни эса у тўлақонли бош вазирга айланади.
Ўша йили 31 декабрь куни Россия сиёсий ҳаётида жиддий ҳодиса рўй беради. Амалдаги президент Борис Ельцин ўз лавозимидан воз кечади ва кутилмаганда Путин Россия президенти вазифасини бажарувчи бўлади.
2000 йил март ойида Россияда президентлик сайлови ўтказилади. Унда Путин ғалаба қозонади ва Россиянинг иккинчи президентига айланади. Ўшандан буён орадан 25 йил вақт ўтди ва Путин ҳамон Россияни бошқармоқда.
Ўша пайтларда Россияда президентлик муддати 4 йил эди. 2012 йилда бу муддат 6 йил қилиб ўзгартирилади. Россияда сўнгги президентлик сайлови 2024 йилда ўтказилганини инобатга олинса, Путин бу давлатни 2030 йилгача бошқара олади.
Энг қизиғи, у 2030 йилда ўтказиладиган президентлик сайловида ҳам ўз номзодини қўя олади. Чунки 2020 йилда Россияда референдум ўтказилади ва унинг натижасига кўра, Путиннинг Россияни бошқарган йиллари ҳисобдан чиқарилиб, ноллаштирилади. Бу унга яна икки муддат президентлик учун ўз номзодини қўйиш имкониятини беради.
Путин Россияни узоқ йиллардан буён бошқариб келар экан, у дунёнинг жуда кўп давлатларига ташриф билан борган. Жумладан, Ўзбекистонга ҳам бир неча маротаба келган. Ушбу материалда Путин энг кўп борган давлатлар ўнлиги билан танишиб чиқамиз.
Қозоғистон

Владимир Путин энг кўп Қозоғистонга келган – 33 марта. Бу бежизга эмас. Қозоғистон Россия билан яқин иқтисодий ҳамкор, стратегик ҳамда иттифоқчи давлат ҳисобланади. Ҳатто икки давлат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасида ҳарбий ҳамкорлик қилади.
Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегара 7 598,8 км бўлиб, у дунёдаги энг узун чегаралар рўйхатида иккинчи ўринда туради. Биринчи ўринда эса АҚШ ва Канада ўртасидаги чегара ҳисобланади.
Бироқ Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегара қуруқликдан узлуксиз ўтган чегаралар орасида биринчи ўринни эгаллайди. Чунки АҚШ ва Канада ўртасидаги 8 891 километрлик чегаранинг бир қисми кўллар ўртасидан ўтган.
Қозоғистон Россия учун Хитой ва Беларусдан сўнг энг яқин иқтисодий ҳамкор ҳисобланади. Масалан, 2024 йилда ҳар икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 28 млрд долларни ташкил этган.
Бугун Россия Қозоғистоннинг жуда катта ҳудудини ижарага олган ва ўша жойларда ҳарбий базалар жойлаштирган. Шунингдек, Бойқўнғир космодроми жойлашган ер ҳам қозоқлардан узоқ муддатга ижарага олинган.
Беларусь

Путин энг кўп ташриф буюрган давлатлар орасида Беларусь иккинчи ўринни эгаллайди. Россия президенти бу давлатга 28 марта борган.
СССР парчаланиб кетгандан буён Беларусь Россия таъсир доирасида қолмоқда ва ҳар икки давлат алоҳида иттифоққа ҳам бирлашган.
Жумладан, 1997 йилда Россия ва Беларусь ўртасида Иттифоқ шартномаси имзоланган бўлиб, унга кўра ҳар икки давлат бир давлат ҳисобланади.
Қозоғистон каби Беларусь ҳам Россиянинг яқин иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий иттифоқчиси ҳисобланади. Беларусь ҳам КХШТга аъзо давлат.
Беларусь Хитойдан сўнг Россиянинг энг яқин иқтисодий ҳамкоридир. 2024 йилда Россия ва Беларусь ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 млрд долларни ташкил этган.
Украина

Путин энг кўп ташриф буюрган давлатлар орасида Украина учинчи ўринни эгаллайди. Ҳа, ҳа, ажабланманг. Россия президенти бугун ўзи уришаётган бу давлатга 21 марта борган.
Украина узоқ йиллар давомида Россия билан яхши қўшничилик муносабатида бўлиб келди. Икки давлат ўртасида ҳеч қачон ҳудуд низоси бўлмаган.
Бироқ 2014 йилда вазият кескин ўзгариб кетади. Ўша йили баҳорда украиналиклар Путин таъсири доирасида бўлган Виктор Януковични тахтдан ағдаришади. У Россияга қочиб кетади.
Шундан сўнг Янукович ўрнига президент бўлган Пётр Порошенко Украина биринчи навбатда Европа Иттифоқи билан алоқаларни мустаҳкамлашини айтиб чиқади.
Шундан сўнг Россия Украина шарқига қўшин киритади ва маълум ҳудудларни ҳамда Қримни босиб олади. Кейинчалик икки давлат алоқалари ёмонлашади. Путиннинг Украинага ташрифлари айнан ўшангача бўлган.
Хитой

Путин Хитойга жами 20 марта борган ва унинг ташрифи сони бўйича Хитой тўртинчи ўринни эгаллайди. Бу бежизга эмас, СССР парчаланиб кетгандан сўнг Хитой Россиянинг энг яқин иқтисодий ҳамкорига айланди.
Бугунги кунда Россия иқтисодиётини Хитойсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Жумладан, Хитой ҳар йили Россия иқтисодиётига миллиардлаб доллар сармоя киритмоқда. Яъни санкциялар туфайли Россиядан чиқиб кетган Ғарб компаниялари ўрнини Хитой компаниялари эгалламоқда.
2022 йил 24 февраль куни Россия армияси Украинага бостириб кирди ва оқибатда уруш бошланди. Шунда АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Россияга қарши кескин санкциялар қўллади.
Ана шундай вазиятда Ғарб компаниялари Россияни тарк этди. Бундан Хитой компаниялари фойдаланиб қолди ва улар актив равишда Россия бозорига кира бошлади. Шундан сўнг Россия иқтисодиётининг Хитойга қарамлиги бирмунча ортди.
2024-йилда Россия ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 245 млрд долларни ташкил этган. Жорий йилда ҳам икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 230-250 млрд доллар атрофида бўлиши кутиляпти.
Германия

Путин энг кўп ташриф буюрган давлатлар рўйхатида Германия бешинчи ўринни эгаллайди. Бу бежизга эмас. Германия Европадаги энг йирик иқтисодиётга эга давлат ҳисобланади.
2022 йил 24 февраль куни бошланган урушгача Россия Германия билан фаол иқтисодий ҳамкорлик қилган. Бу давлатдан технологиялар ва тайёр маҳсулотлар харид қилган. Немисларга газ ва нефть каби энергия ресурсларини сотган.
Масалан, урушгача Россия ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йилига ўртача 40-50 млрд долларни ташкил этган. Уруш бошлангач, бу кўрсаткич кескин тушиб кетган.
Германия Путин учун бегона эмас. У совет даврида КГБда ишлаб юрганида немис тилини пухта ўрганган ва бир неча йил давомида Германияда ишлаган.
Ўтган даврлар мобайнида Россия ва Германия нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам яқин бўлган. Масалан, Германиянинг собиқ канслери Герхард Шрёдер катта сиёсатдан кетгач ҳам Путин билан дўстона алоқаларни сақлаб қолади.
Ҳатто 2014 йилда Россия Қрим ва Украина шарқини босиб олиб, халқаро ҳамжамият санкцияларига учраганда Шрёдер Санкт-Петербургда ўзининг 70 йиллик юбилейини катта тантана билан нишонлайди.
Ўша пайтларда Путин уни Болтиқ денгизи остидан тортиладиган “Шимолий оқим” газ ўтказиш лойиҳасига бошлиқ қилиб қўйганди ва собиқ канцлер миллионлаб доллар маош оларди.
Гарчи “Шимолий оқим” лойиҳаси бир неча йил аввал ишдан чиқарилган бўлса-да, Шрёдер ҳанузгача унинг бошқарувчиси ҳисобланади.
Путининг Германия билан дўстона алоқалари Ангела Меркель даврида ҳам давом этади. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар Россия 2022 йил 24 февраль куни Россия Украинага бостириб киргач ёмонлашди ва ҳозир ўта салбий ҳолатда қолмоқда.
Франция
Путин
Францияга жами 17 марта борган. У Россия президенти бўлгандан сўнг Россия
ва Франция ўртасидаги алоқалар дўстона кўриниш олади.
Масалан, 2002 йилда Россия ва Франция ўртасида хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик кенгаши тузиш ҳақида келишув имзоланади.
2006 йилда ҳарбий ва техник ҳамкорлик бўйича ҳамкорлик келишувига эришилади. Ҳатто 2010 йилда Россияда Франция, Францияда эса Россия йили деб эълон қилинади.
2014 йил воқеаларидан кейин Франция ва Россия ўртасидаги алоқалар совий бошлайди. 2022 йилда Россия Украинага қарши уруш очгач, муносабатлар жуда совуқлашиб кетади.
2022 йил Россия Украинага бостириб киргунча унинг Франция билан товар айирбошлаш ҳажми 20 млрд доллардан ошиқроқни ташкил этган. Уруш бошлангач, бу кўрсаткич кескин тушиб кетган.
Уруш бошлангандан сўнг Франциянинг жуда кўплаб компаниялари Россияда ўз ишлаб чиқариш корхоналарига эга эди. Уруш бошлангач, санкциялар туфайли уларнинг асосий қисми Россияни тарк этди.
Қирғизистон

Путин Марказий Осиёдаги бу кичик давлатга 15 марта келган. Қирғизистон Марказий Осиёдаги бошқа республикалар каби Россия учун муҳим давлат ҳисобланади.
Бир пайтлар Марказий Осиёда Россиянинг таъсири унча кучли эмасди. Ўзбекистон Ғарб давлатлари билан яқин ҳамкорлик қилар, ҳатто 2001-йилда Қаршидаги ҳарбий базани АҚШга топширганди.
Бироқ кейинчалик вазият ўзгаради ва Россия АҚШни Марказий Осиёдан суриб чиқаради. Жумладан, америкаликлар Қаршидаги базани ҳам топширишга мажбур бўлишади.
Шунингдек, Россия америкаликларни Бишкекдаги Манас аэродромида жойлашган ҳарбий базасини ҳам кўчиртиришга муваффақ бўлади. Шу тариқа АҚШ Марказий Осиёдаги таъсир доирасини бирмунча йўқотади. Россия эса аксинча, йиллар давомида ўз таъсирини ошириб боради.
Жумладан, Қирғизистон билан Россия алоқалари яқин ва дўстона бўлган. Шу сабабли ҳам Путин Россия бошқарувига келганидан сўнг бу давлатга 15 марта ташриф буюрган.
Туркия

Туркия гарчи НАТО аъзоси ва Ғарб давлатлари билан иттифоқ саналса ҳам Россия билан дўстона алоқаларга эга бўлиб келган. Шу сабабли ҳам Путин бу давлатга жами 14 марта ташриф буюрган.
Маълумки, Туркия ҳудудининг озгина қисми Европада, қолгани Осиёда жойлашган. Шундай бўлса ҳам бу давлат ўз келажагини Европа Иттифоқида кўради. Бироқ европалик корчалонлар ҳозирча Туркияни Европа Иттифоқига қабул қилмоқчи эмас.
Шу сабабли Туркия СССР парчаланиб кетгандан буён Собиқ иттифоқ республикалари, айниқса, Россия билан дўстона муносабатлар ўрнатди ва савдо алоқаларини, қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирди.
Бундан икки томон ҳам манфаат кўрди. Яъни турклар яхши даромадларга эга бўлишди. Россия эса анча маҳоратли бўлган турклардан тажриба ўрганди.
Албатта, Ғарб давлатларига, жумладан АҚШга Туркиянинг Россия билан “апоқ-чапоқ” бўлиши ёқмайди. Айниқса 2017 йилда турклар Россиядан С-400 ракета тизимини сотиб олгач, АҚШ ва Туркия муносабатлари бир оз совуқлашди.
Ўшанда АҚШни амалдаги президент Дональд Трамп бошқариб турганди. У турклар Россиядан ракеталар тизимини сотиб олгач, Туркияни Ф-35 самолётлари лойиҳасидан четлаштирди. Бу лойиҳага кўра, турклар Ф-35 самолётларини сотиб олиши ва америкаликлар Туркияда унга техник хизмат кўрсатиш марказларини очиши лозим эди.
2022 йил 4 февраль куни Россия Украинага бостириб киргач, Туркия бу ишни қоралади. Президент Эрдўғон ва бошқа амалдорлар Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллашини маълум қилди.
Бироқ Россия президенти ва унинг атрофидагилар туркларнинг бу гапларидан хафа бўлганларини билдиришмади. Чунки Туркия бир томондан Россиянинг босқинини қоралаган бўлса, иккинчи томондан руслар билан кенг миқёсда савдо алоқаларини давом эттираверди.
Яъни жаҳон ҳамжамиятининг санкцияларига дуч келган Россия учун Туркиянинг яқин савдо сифатида қолиши муҳим эди. Ҳозирги кунда ҳам Туркия бир томондан руслар босқинини қоралайди. Бошқа томондан Россия учун яқин иқтисодий ҳамкор бўлиб қолмоқда.
Масалан, 2024 йилда Россия ва Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 52,6 млрд, 2023 йилда эса 57 млрд долларни ташкил этган. Бу рақамлар Россия учун Туркия урушдан кейин ҳам яқин иқтисодий ҳамкор бўлиб қолаётганини англатади.
Тожикистон
Тожикистон Путин энг кўп ташриф буюрган давлатлар орасида саккизинчи ўринда жойлашган. У бу давлатга 12 марта келган. 2025 йил 8 октябрда амалга ошириладиган ташриф ўн учинчиси бўлади.
Аслида Тожикистон рўйхатнинг тепароқ қисмида ҳам бўлиши мумкин эди. Чунки бу давлат мустақилликка эришгач, Россия билан яқин, дўстона алоқаларда бўлган.
Шунингдек, Тожикистон асосан Россия билан савдо-сотиқ қилади. Миллионлаб меҳнат муҳожирлари ватанга Россиядан пул юборишади. Вазият шу даражадаки, Россияда меҳнат қилаётган тожикистонликлар юбораётган пул Тожикистон ялпи ички маҳсулот ҳажмининг қарийб ярмига тенг.
Қисқаси, бизга қўшни бўлган бу давлат иқтисодиёти Россия иқтисодиётига ўта қарам. Бундан ташқари, Тожикистон мустақил бўлгандан буён бу давлатнинг Афғонистон билан бўлган чегарасини асосан россиялик ҳарбийлар қўриқлашади. Маълумот учун, Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий базаси Тожикистонда жойлашган.
Путиннинг Тожикистонга кам келишининг асосий сабаби бу давлат жуда кичкина ва Россия ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутмайди. Аксинча, Тожикистон ташқи сиёсатида Россиянинг роли жуда муҳим.
Қолаверса, Тожикистон Евросиё минтақасида ҳам муҳим рол ўйнамайди ва шу сабабли бу давлатда йирик сиёсий тадбирлар жуда кам ўтказилади. Тожикистонда шу пайтгача асосан МДҲ, ШҲТ каби ташкилотлар саммитлари ўтказилган ва Путин уларда қатнашган.
Италия

Путин Россия раҳбари бўлгач, Италияга 11 марта борган ва бу давлат у энг кўп ташриф буюрган давлатлар рўйхатида 10-ўринни эгаллайди.
Италия ва Россия ўртасидаги дўстона алоқалар Италияни 1994-1995, 2001-2006, 2008-2011 йилларда оралатиб бошқарган Силвио Берлускони даврида анча ривожланган. Ўша пайтларда Силвио Берлускони Путинни ўзининг қадрдон дўсти деб биларди.
2014 йилда Россия Украина шарқи ва Қримни эгаллагач, Италия ва Россия муносабатлари бир оз совиди. Бироқ иқтисодий ҳамкорлик давом этаверди. 2022 йил февралда Россия Украинага қарши уруш очгач, ҳар икки давлат ўртасидаги алоқалар ёмон аҳволга келди.
Масалан, 2021 йилда Россия ва Италия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 31,3 млрд долларни ташкил этган. 2022 йилда бу кўрсаткич беш баравар камайган ва бор йўғи 7-8 млрд доллар бўлган.
Путин Ўзбекистонга неча марта келган?

Путин шу пайтгача Ўзбекистонга 10 марта келган ва бу кўрсаткич билан биз Россиянинг амалдаги президенти энг кўп ташриф буюрган давлатлар рўйхатида 11-ўринда турамиз.
Путиннинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи 2000-йилда бўлиб ўтади. Ўша йили у Россия президенти учун ўтказилган сайловда ғалаба қозонади. 7 май куни президентликка расман киришгач, 18-19 май кунлари унинг биринчи хорижий сафари Ўзбекистонга бўлади.
Унинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифи 2003 йилда бўлиб ўтади. Ўшанда у Самарқанд шаҳрига келиб, Ислом Каримов билан музокаралар ўтказади.
2004 йилда, бу пайтда у иккинчи марта президент бўлиб сайланганди, у ШҲТ давлат раҳбарлари йиғилишида қатнашиш учун яна Ўзбекистонга келади. Бу учинчи ташриф эди.
Путиннинг Ўзбекистонга давлат раҳбари сифатидаги тўртинчи ташрифи 2012 йилда бўлиб ўтади. У юртимизга 4 июнь куни келади ва Каримов билан музокаралар ўтказиб, ўша куни ортга қайтади.
Россиянинг амалдаги президенти Ўзбекистонга бешинчи марта 2014 йил 10 декабрь куни келади ва Каримов билан учрашиб, ўша куннинг ўзида ортга қайтади.
2016-йилда Путин Ўзбекистонга икки марта келади. Биринчи ташриф 23-24 июнь кунларида у Тошкентда бўлиб, ШҲТнинг 15 йиллиги тадбирларида қатнашади. 6 сентябрь куни Самарқандга келиб, Ислом Каримов қабрини зиёрат қилади.
Путин Ўзбекистонга саккизинчи марта 2018 йил 19 октябрь куни келади. Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади. Сўнг ўша куннинг ўзида ортга қайтади.
Россиянинг амалдаги президенти навбатдаги марта Ўзбекистонга 2022 йил 15 сентябрь куни келади. Ўшанда у юртимизда икки кун бўлади ва ШҲТ давлат раҳбарлари йиғилишида қатнашади.
Путин Ўзбекистонга ўнинчи марта 2024 йил 26 май куни келади. Тошкентда икки кун бўлиб, президент Мирзиёев билан учрашади.
Бошқа давлатларга ташрифлар

Путин Россия раҳбари бўлиб турган пайтда энг кўп ташриф буюрган давлатлар орасида Ҳиндистон, Финляндия (9 мартадан), Озарбайжон, Арманистон, АҚШ, Туркманистон (8 мартадан) ва Британия (7 марта) каби давлатлар бор.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади








