АҚШнинг Миссури штатида полиция автомобильларга оммавий шикаст етказишда гумонланаётган 19 ёшли талаба Райан Шеферни қўлга олди. Спрингфилд полицияси маълумотларига кўра, воқеадан сўнг йигит дарҳол ChatGPT билан ёзишмаларда ўз қилмишини тан олган. Бундан ташқари у вандализм учун жавобгарликдан қандай қутулиш мумкинлиги ҳақида сўраган, дея хабар бермоқда “Habr”.
Тергов маълумотларига кўра, тунда соат учлар атрофида Шефер 17 та машинанинг ойналарини синдирган, кўзгуларини юлиб ташлаган, капотларига зарар етказган ва ойна тозалагичларини бузган. Кузатув камералари ёзувлари кўрсатилганда, у видеодаги гумонланувчи билан ўзаро “ўхшашликни сезганини” айтган, шундан сўнг iPhone’ини текширишга рози бўлган.
Смартфон маълумотлари таҳлили Шефернинг воқеа жойида бўлганини тасдиқлаган. Бундан ташқари, чат-бот билан ёзишмаларда у содир этган ҳаракатларини тан олган ва шундай ҳолат илгари ҳам жазосиз қолганини таъкидлаган. Мулоқот давомида унинг хатти-ҳаракатлари тажовузкорликдан хотиржамликка ўзгарган, аммо ёзишмаларда бошқа одамларга таҳдидлар ҳам қайд этилган.
Талаба ҳибсга олиниб, мулкка қасддан зарар етказганликда айбланмоқда. Суд уни қамоққа олишга, озодликка чиққандан сўнг эса спиртли ичимликлар сотиладиган дўконларга киришини чеклашга, танлаб олинган тестлар орқали алкоголь ва тақиқланган моддалар истеъмолини текширишга, шунингдек, жойлашувини кузатиш учун электрон қурилма тақиб юришга мажбур қилишга қарор қилган.
Бундан аввал Мидлотиан шаҳрида яшовчи Керри Эдвардс 2025 йил 8 сентябрь куни Virginia Lottery Powerball лотереясида 150 минг доллар ютиб олгани хабар қилинганди. У рақамларни танлашда ChatGPT маслаҳатларидан фойдаланган. Нейротармоқ унга ғалаба ваъда қилмаган, балки тасодифий рақамлар комбинациясини таклиф қилган, аммо айнан ўша рақамлар ютуқли чиққан.








