Боку шаҳрида Озарбайжон–Ўзбекистон медиа форумининг II маросими бўлиб ўтди. Тадбир икки мамлакат медиа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган видеоролик билан бошланди.
Озарбайжон Медиани ривожлантириш агентлиги ижроия директори Аҳмад Исмоилов форум иштирокчиларини қутлар экан, Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги тарихий ришталар Президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевнинг етакчилиги билан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. У стратегик шериклик даражасидаги муносабатлар медиада тажриба алмашиш, рақамли муҳитни тартибга солиш, янги технологияларни жорий этиш ва журналистика стандартларини мустаҳкамлаш имкониятларини яратишини билдирди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси Коммуникация департаменти сектор мудири Дилшод Саиджонов медиа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, дезинформацияга қарши курашиш, ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ўзаро ахборот алмашинувини кучайтириш зарурлигини қайд этди. Озарбайжон Аудиовизуал кенгаши раиси Исмат Саттаров рақамли медианинг ривожланиши аудиовизуал контент ишлаб чиқариш ва соҳага янгича ёндашувларни талаб қилаётганини айтди. Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафханов ахборот ва медиа соҳасидаги ҳамкорликни стратегик шерикликнинг муҳим йўналиши сифатида баҳолади. Ўзбекистон Журналистика университети проректори Нозима Муратова форумнинг журналистлар рақамли кўникмаларини ривожлантириш ва замонавий инновацион ёндашувларни жорий этиш учун муҳим платформа эканини таъкидлади.
Форум доирасида икки асосий панел сессия ўтказилди. Биринчиси — “Рақамли даврда медиа ҳамкорлиги: ахборот хавфсизлиги йўналишида қўшма ташаббуслар”, иккинчиси — “Рақамли ахборот муҳитида этик масъулият”. Панел сессияларда ахборот хавфсизлиги, сунъий интеллект, дезинформацияга қарши биргаликдаги кураш, давлат органлари ва медиа ташкилотлари ўртасидаги шериклик, шунингдек журналистларнинг жамоат олдидаги масъулияти ва манипулятив контентга қарши этик нормалар муҳокама қилинди.
Тадбир якунида иштирокчилар қўшма лойиҳалар амалга ошириш, тажриба алмашиш ва рақамли даврда ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Маълумот учун, II Озарбайжон–Ўзбекистон медиа форуми рақамли трансформация, ахборот хавфсизлиги ва этик меъёрларни мустаҳкамлаш орқали икки қардош мамлакат ўртасидаги медиа ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган.








