Хитой раиси Си Цзиньпин савдо битимини имзолаш учун АҚШ президенти Дональд Трампга шарт қўйди. Бу ҳақда музокаралардан хабардор манбаларга таяниб, The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.
Маʻлумотларга кўра, Хитой раҳбари Америка етакчисидан Тайван мустақиллигидан норозилиги ҳақида расмий баёнот беришни талаб қилган. Си Цзиньпин савдо музокараларини босим воситаси сифатида қўлламоқчи экани айтилмоқда.
“Хитой раҳбари АҚШ Тайван мустақиллигига қарши эканини расман эълон қилиш учун босим ўтказишни режалаштирмоқда”, дейди WSJ суҳбатдоши.
АҚШ сиёсатининг бундай ўзгариши Тайваннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига олиб келиши мумкин. Икки давлат раҳбарлари Тайван масаласини 31 октябрь куни Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган ОТИҲ (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти)саммитида муҳокама қилиши кутилмоқда.
5 сентябрь куни Аляскада АҚШ ва Тайван махфий музокаралар ўтказгани маълум бўлганди. Музокаралар июнь ойида Вашингтонда бўлиши керак бўлган учрашув бекор қилингач ўтказилган. Аляскада учрашув ўтказиш ва унинг даражасини пасайтириш қарори Трамп ва Си Цзиньпиннинг эҳтимолий саммитини хавф остига қўймаслик учун қабул қилинган.
1949-йилда ўз мустақиллигини эълон қилган Тайван 1980-йиллардан бери Хитой илгари сураётган “бир мамлакат, икки тизим” моделини рад этади. Вашингтоннинг Тайбей билан дипломатик алоқалари йўқ. Аммо АҚШ 1979-йилда қабул қилинган “Тайван билан муносабатлар тўғрисида”ги қонун доирасида унга ўзини ҳимоя қилиш учун қурол сотади. Яқинда Трамп Тайванга 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйганди.








