Венгрия Украинага жосуслик мақсадида разведка дронларини юборган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский қуролли кучлар бош қўмондони Александр Сирскийнинг маълумотларига таяниб, маълум қилди.
“Бош қўмондон Украина-Венгрия чегарасида яқинда содир бўлган дронлар билан боғлиқ ҳодисалар ҳақида ҳам хабар берди. Украина ҳарбийлари ҳаво ҳудудимизда разведкачи дронларнинг фаолиятини қайд этишди ва булар, эҳтимол, Венгрия дронларидир”, деди Зеленский.
Ҳарбийларнинг дастлабки маълумотларига кўра, ушбу дронлар Украинанинг чегара ҳудудларидаги “саноат салоҳияти” тўғрисида маълумот тўплаган бўлиши мумкин. Зеленский мавжуд маълумотларни текширишни ва ҳаво ҳудуди бузилган ҳар бир ҳолат бўйича имкон қадар тезроқ ҳисобот беришни буюрди.
Бу баёнотга жавобан Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Украина президентини “анти-венгер” айблади.
“У ўзининг анти-венгерлик васвасасидан ақлдан озмоқда. Энди у йўқ нарсани кўра бошлаяпти”, деб ёзди Венгрия ТИВ раҳбари X ижтимоий тармоғида.
Бундан бир оз олдин Сийярто Украина сўнгги ўн йил давомида олиб борган "анти-Венгрия сиёсати" юзасидан эътироз билдирган эди. Мисол тариқасида у Украинанинг Закарпат вилоятида этник венгерларнинг “ҳуқуқлари чекланганини”, шунингдек, “Венгриянинг энергетика хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга" бўлган Россиянинг “Дўстлик” нефть қувурига берилган зарбаларни келтирган.








