Ўзбекистон Суперлигаси 23-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” ҳамда “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги баҳс 28 сентябрь, якшанба куни Фарғонадаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтди. Учрашув 2:2 ҳисобида якунланди.
Ҳисоб ўйиннинг 40-дақиқасида меҳмонлар томонидан очилди. Амир Тўрақулов гол уриб, “Бунёдкор” жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимнинг 69-дақиқасида мезбонлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини Аслиддин Тоштемиров аниқ амалга ошириб, таблодаги натижани 1:1 кўринишига келтирди.
Орадан атиги тўрт дақиқа ўтиб, “Қўқон-1912” ҳисобда олдинга чиқди. 73-дақиқада Аброр Каримов жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Бироқ ўйин сўнги дақиқаларида Темурхўжа Абдухолиқов “Бунёдкор”нинг иккинчи голини уриб, ҳисобни яна тенглаштирди — 2:2.
Мазкур натижадан сўнг “Бунёдкор” очколарини 39 тага етказиб, турнир жадвалининг 5-поғонасидан жой олди. 23 очкога эга “Қўқон-1912” эса ҳозирда 12-ўринда бормоқда.
Ўзбекистон Суперлигаси
23-тур
“Қўқон-1912” — “Бунёдкор” 2:2
Голлар: 0:1 — Тўрақулов (40), 1:1 — Тоштемиров (69, пенальти), 2:1 — Каримов (73), 2:2 — Абдухолиқов (88).








