Яман ҳусийлари 24 сентябрь куни Исроил жанубига дронлар билан ҳужум қилди. Оқибатда камида 22 киши жароҳатланди, икки нафарининг аҳволи оғир. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Дронлар Эйлат шаҳрига учирилган, улар меҳмонхона яқинида, шаҳарнинг савдо туманида портлаган. Огоҳлантирувчи сиреналар “протоколга мувофиқ” ишга туширилган. Исроил ҳарбийлари авиатехникаларни “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида тутиб ололмаган.
Ярадорларнинг аксарияти синиқлардан жароҳат олган. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари оғир ярадорларни эвакуация қилиш учун Беер-Шев шаҳридаги тиббиёт марказига вертолёт юборган. Қолганлар маҳаллий шифохонада даволанмоқда.
“Исроил шаҳарларига қилинган ҳар қандай ҳужум қаттиқ ва оғриқли зарба билан қарши олинади, бу ўтмишда аллақачон исботланган”, деган бош вазир Биньямин Нетаньяху.
7 сентябрь куни Эйлат яқинидаги Рамон аэропортига ҳусийлар томонидан учирилган дрон ҳужуми оқибатида икки киши жароҳатланган эди. Бунгача Исроил ҳарбийлари Ямандан учаётган учта дронни тутиб олган.
Август ойи охирида Исроил Сана шаҳрига ҳаво ҳужуми уюштирди, оқибатда Яман ҳусийлар ҳукумати бош вазири Аҳмад Ғолиб ар-Раҳовий ва яна бир неча киши ҳалок бўлди. Кейинроқ “Ансор Аллоҳ” ҳаракати Олий сиёсий кенгаши раҳбари Маҳдий ал-Машат яҳудий давлатини “қора кунлар” кутаётганидан огоҳлантирганди.








