Португалия Фаластин давлатини расман тан олди. Тегишли баёнот 21 сентябрь куни кечқурун мамлакат ташқи ишлар вазири Паулу Ранжел томонидан эълон қилинди.
“Португалия икки давлат тузилишини назарда тутувчи ечимни, Фаластин-Исроил можаросида адолатли ва узоқ муддатли тинчликка эришишнинг ягона йўли сифатида қўллаб-қувватлайди”, деб таъкидлади у.
Шу билан бирга, Ранжел Португалиянинг Исроил давлатининг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олиш позициясига содиқлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, у “Португалия ва Исроил халқлари ўртасидаги алоҳида дўстлик” ҳақида гапирди ҳамда Лиссабоннинг “ҲАМАС террорчилик ташкилоти” томонидан содир этилган “7 октябрдаги даҳшатли терактлар”ни қоралашини айтди.
Дипломат ҲАМАС қўлида қолаётган исроиллик гаровга олинганларни дарҳол озод қилиш ва ҳалок бўлган гаровга олинганларнинг жасадларини уларнинг қариндошларига топшириш талабини илгари сурди. Шунингдек, антисемитизмга қарши курашишга чақирди. Вазир “Фаластинни тан олиш тўғрисидаги декларация Ғазо секторида давом этаётган гуманитар фалокатни бекор қилмаслигини” айтиб, “барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга” чақирди.
Канада, Британия ва Австралия Фаластин давлатчилигининг тан олди
21 сентябрь куни Канада, Австралия ва Буюк Британия "мустақил, суверен Фаластин давлати"ни тан олганини эълон қилди. Шу тариқа Канада ва Буюк Британия “Еттилик гуруҳи” (G7) мамлакатлари орасида биринчи бўлиб бу қадамни қўйди.
Яна бир қанча Ғарб давлатлари, жумладан Франция, Бельгия ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги йиллик сессияси давомида Фаластин давлатини тан олиш ниятида эканини айтганди.








