“Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ўзини аргентиналик футбол афсонаси Лионель Месси билан солиштиришдан бош тортди. Мисрлик футболчига “сиз ёки Месси?” деган савол йўлланганда, у иккиланмасдан қуйидагича жавоб берди:
“Мессими ёки менми? Месси. Мен ҳар доим уни танлайман”, дейди Салоҳ.
Салоҳ афсонавий футболчи Диэго Марадона ҳамда Месси ўртасидаги солиштирувда ҳам 38 ёшли “Интер Майами” футболчисини афзал кўришини билдирган.
Шунингдек, мисрлик футболчи “Олтин тўп” ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Бу менинг қўлимда эмас, аммо бир кун Миср халқи учун “Олтин тўп”ни қўлга киритишни истар эдим”, дейди Муҳаммад Салоҳ.
Эслатиб ўтамиз, Салоҳ 2025-йилги “Олтин тўп”га номзодлар қаторидан жой олган. Аммо соврин учун асосий даъвогар сифатида “ПСЖ” ҳужумчиси Усмон Дембеле айтилмоқда. Шунингдек, Ламин Ямал, Рафинья ва Витиня каби футболчиларда ҳам “Олтин тўп”ни қўлга киритиш имконияти мавжуд.
Муҳаммад Салоҳ жорий мавсум “Ливерпуль” сафида жами 7 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та гол ва 3 та голли узатмага ёздириб қўйган.








