Моравиядаги Миловице IV манзилгоҳида чех археологлари тахминан 30 минг йил олдинги, эҳтимол битта одамга тегишли бўлган 29 та тош қуролдан иборат тўпламни кашф этди. Тадқиқот натижалари Journal of Paleolithic Archaeology журналида эълон қилинди.
Пичоқлар, учлар, қирғичлар каби асбоблар вақт ўтиши билан чириб кетган чарм халтада сақлангандек, эҳтиёткорлик билан жойлаштирилган. Фойдаланиш изларининг таҳлили шуни кўрсатдики, улар билан ов қилинган, ҳайвон жасадлари нимталанган ва ёғочга ишлов берилган. Олимларнинг фикрича, бу ўзи билан олиб юриладиган ва мунтазам ишлатиладиган тўлақонли “омон қолиш тўплами” бўлган.
Артефактларни ўрганиш учун мутахассислар юқори аниқликдаги микроскопия, стереомикроскопия, лазер абляцияси ва индуктив боғланган плазма билан масс-спектрометрия каби усуллардан фойдаланишган. Бу технологиялар баъзи буюмлар найза ёки ўқ учлари сифатида ишлатилганини аниқлашга имкон берган. Ҳатто шикастланган қуроллар ҳам қайта ишланиб, яна фойдаланилган.
Топилмаларнинг аксарияти топилган жойдан 130 километр узоқликда қазиб олинган чақмоқтошдан ясалган. Материаллар орасида Словакиядан келтирилган радиоляритлар ва ҳатто 130 километрдан ортиқ масофадан олиб келинган опал пластинкаси ҳам бор. Бу узоқ масофали кўчишлар ёки одамлар гуруҳлари ўртасидаги айирбошлаш алоқаларидан далолат беради.
Айрим артефактлардаги сайқаллаш излари тош қисмлар ёғоч дасталарга пухта маҳкамланганини кўрсатади - бу Граветт усталарининг юқори технологик маданиятидан дарак беради.
“Меҳнат қуролларини эҳтиёткорлик билан сақлаш, қайта ишлатиш ва узоқ масофага ташиш ресурсларга оқилона муносабатни, шунингдек, сўнгги палеолит даврида ривожланган ижтимоий ва савдо алоқалари мавжуд бўлганини кўрсатади”, дейди археологлар.








