Daryo

Канада, Австралия ва Буюк Британия мустақил Фаластин давлатини тан олди

Учала давлат ҳам ҳукуматда “ҲАМАСнинг ўрни бўлмаслиги” кераклигини таъкидлади. Давлатчиликни тан олиш тинчликка эришишга қаратилгани маълум қилинди.

2 дақиқа ўқиш1 366 кўришлар0 изоҳ8

Канада, Австралия ва Буюк Британия 21 сентябрь куни мустақил Фаластин давлатини тан олди. Қарор АҚШнинг қаршилигига қарамай, Исроилнинг Ғазо секторини бомбардимон қилиб, тинч аҳолига зарба бераётган бир паллада қабул қилинди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху аввалроқ Фаластин давлатчилигини тан олишга қарши чиқиб, бу “ҲАМАС террорини мукофотлайди” ва гуруҳнинг “гаровга олинганларни озод қилишдан бош тортишини кучайтиради” деб айтган эди.

Буюк Британия

Мамлакат бош вазири Кир Стармер юқоридаги қаршиликларга қарамай унинг мамлакати Фаластин давлатини тан олишини эълон қилди. Сиёсатчи тинчликни тиклаш учун тегишли қарор қабул қилинганини таъкидлади.

Бугун тинчлик ва икки давлат ечимига бўлган умидни қайта жонлантириш учун, буюк мамлакатнинг бош вазири сифатида Бирлашган Қироллик Фаластин давлатини расман тан олишини эълон қиламан, деди Кир Стармер видео мурожаатида.​

У ҲАМАСни “шафқациз террор ташкилоти” деб атаб, унинг “ҳукуматда ҳеч қандай ўрни бўлмаслиги керак”лигини айтди. “Бу қарор ҲАМАС учун мукофот эмас”, дея хулоса қилди Стармер.

Канада

Мамлакат бош вазири Марк Карней ўз баёнотида Исроилнинг ҳужуми туфайли Ғазо секторида юзага келган вазиятга тўхталди.

Ҳозирги Исроил ҳукумати Фаластин давлатининг вужудга келиш имкониятини бутунлай йўқ қилиш учун тизимли равишда ҳаракат қилмоқда. У халқаро ҳуқуққа зид равишда Ғарбий қирғоқда аҳоли пунктларини кенгайтирмоқда. Ғазодаги давомли ҳужумлар эса ўн минглаб тинч аҳолининг ўлимига, бир миллиондан ортиқ одамнинг кўчирилишига ва халқаро ҳуқуқ бузилиши оқибатида фожиали очарчиликка олиб келди.

Исроил ҳукуматининг эълон қилинган сиёсати “Фаластин давлати бўлмайди” деган қатъий қарашга асосланган. Айнан шу вазиятда Канада Фаластин давлатини тан олади ва икки давлат учун тинч келажак яратишда ҳамкорликни таклиф этади. Канада бу қадамни икки давлат ечимини сақлаб қолиш йўлидаги мувофиқлаштирилган халқаро саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида ташламоқда, дейилади ҳукумат баёнотида.

Австралия

Австралия Фаластинни суверен ва мустақил давлат сифатида расман тан олди ва Исроил—Ғазо уруши фонида ташқи сиёсатида муҳим бурилиш ясади. Бу Яқин Шарқда икки давлат ечимини таъминлаш, жумладан, Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан уюштирилган ҳужумдан кейин гаровга олинганларни озод қилишга янги туртки беришга қаратилган.

Халқаро ҳамжамият Фаластин маъмурияти олдига аниқ талаблар қўйди. Фаластин маъмурияти президенти Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини яна бир бор тан олди ҳамда Австралияга бевосита мажбуриятлар — демократик сайловлар ўтказиш, молия, бошқарув ва таълим соҳаларида муҳим ислоҳотлар амалга ошириш — бўйича кафолат берди. 
Фаластинда ҲАМАС террорчилик ташкилотининг ҳеч қандай ўрни бўлмаслиги керак. Кейинги қадамлар, жумладан, дипломатик муносабатларни ўрнатиш ва элчихоналарни очиш, Фаластин маъмуриятининг ислоҳотлар бўйича мажбуриятларини бажаришдаги ютуқларига қараб кўриб чиқилади, дейилади бош вазир Энтони Албанезе баёнотида.​​

Ўзбекистон Фаластин давлати билан 1994 йил 25 сентябрда, Исроил билан эса 1992 йил 21 февралда дипломатик муносабатлар ўрнатган. Ўзбекистон ҳар икки давлат билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйган бўлиб, Яқин Шарқда икки давлат ечимини қўллаб-қувватлашини бир неча бор таъкидлаган.​

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар