Жорий йил 23 август куни Жанубий Кореянинг tvN каналида “Золимнинг ошпази” номли янги дорама илк бор эфирга узатилди. Сериал режиссёр Жан Те Ю томонидан суратга олинган бўлиб, бош ролларда Им Юна ва Ли Че Мин иштирок этган. Сериал эфирга чиққан илк соатларданоқ томошабинлар эътиборини тортди ва глобал рейтингларда юқори кўрсаткичларга эришди.
Премеранинг дастлабки қисмлари Жанубий Кореянинг ўзида 4,9 фоиз рейтингга эга бўлди. Бу кўрсаткич сериалга эфир вақтида барча телеканаллар орасида биринчи ўринни эгаллаш имконини берди ва жорий йилдаги tvN’нинг энг муваффақиятли премераси сифатида қайд этилди.
Сўнг “Золимнинг ошпази” халқаро майдонда ҳам катта муваффақият қозона бошлади. Жумладан, Netflix’да чиқарилиши биланоқ 93 мамлакатда топ-10 та энг яхши сериаллар рўйхатига кириб, улардан қарийб 45 тасида биринчи поғонани эгаллади. Бир неча ҳафта давомида лойиҳа глобал рейтингларда энг кўп кўрилган дорамалардан бири бўлиб қолди.
“Золимнинг ошпази” сюжети ХХИ асрда яшайдиган ошпазнинг тасодифан Чосон даврига тушиб қолиши ва сарой ошхонасида ўз ўрнини топишга уриниши ҳақида ҳикоя қилади. Воқеалар ривожи, анъанавий корейс таомлари билан замонавий техникаларнинг уйғунлиги, қизиқарли ҳикоялар ва қаҳрамонларнинг профессионал ижроси томошабинларни экран қаршисида михлаб қўйди.








