Қизиқарли комедия томоша қилиш руҳан дам олишнинг энг яхши йўлидир. Корейс дорамалари орасида нафақат романтик, балки яхши кайфият улашувчи, қувноқ сериаллар ҳам кўп. Қуйида томошабин кайфиятини кўтарадиган, аммо кўпинча эътибордан четда қоладиган еттита ажойиб комедик дорамани танлаб олдик.
1. “Пегас дўкони” (2019)
Бир вақтлар Daema Group компаниясининг фахри бўлган Чон Бок Дон биргина хатоси туфайли паст лавозимга туширилади ва “Пегас” номли чегирмалар дўконига юборилади. Бу жой компания йўқотмоқчи бўлган ходимлар учун “сургун маскани” сифатида хизмат қилади.
Жаҳл устида Бок Дон раҳбариятдан ўч олишга қарор қилади ва “Пегас”ни банкрот ҳолатга келтириб, раҳбариятни мажбуран уни ёпишга ундамоқчи бўлади. Шу мақсадда у ишга ким бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай ходимни қабул қилади. Аммо тақдир ҳазили шундаки, дўкон кундан кунга машҳур бўлиб, харидорлар сони ортиб боради ва ҳатто узун навбатлар пайдо бўла бошлайди.
Бу сериални томоша қилар экансиз, ҳазил остида яширинган чуқур ижтимоий кинояни кўрасиз. Бок Дон ёмонлик қилишга уринган сари, у атрофидагиларга яхшилик келтиради. Оддий, лекин самимий воқеалар томошабинни яхши кайфиятда қолдиради.
Бош ролларда: Ким Бён Чол, Ли Дон Ҳви, Чон Хе Сон.
2. “Қадрдонлар” (2012)
Тўрт нафат оғайнилар — Ким До Жин, Им Те Сан, Чхве Юн ва Ли Жон Рок болаликдан ажралмас, аммо характер жиҳатдан осмон билан ердай фарқ қиладиган йигитлар бўлади. Бири бир оз суюқ, иккинчиси жиддий адвокат, бошқаси ишга берилган меҳнаткаш, яна бири ўзгармайдиган хотинбоз. Улар 40 ёшга тўлганда, ўтган ҳаётини эслаб, кулгили, баъзан эса кутилмаган вазиятларга тушиб қолишади.
“Қадрдонлар” дорамаси нафақат комедия, балки дўстлик, муҳаббат ва ёшликнинг ўткинчилигига бағишланган ҳаётий ҳикоя.
Бош ролларда: Чан Дон Гон, Ким Ха Нил, Ким Су Ро.
3. “Ёвуз ва телба” (2021)
Рю Су Ёл тажрибали, аммо принципларга амал қилмайдиган детектив. Унинг учун иш фаолияти фақат мартаба ва фойдадан иборат. Аммо бир куни у сирли мототцикл ҳайдовчиси Кай билан тўқнашади, у ҳар сафар Су Ёл адашган пайтда пайдо бўлиб, уни тўғри йўлга қайтаради.
Сериалда жангари, триллер ва комедия каби жанрлар чиройли тарзда уйғунлашган. Ўткиз сюжет, қизиқарли диалоглар ва актёрларнинг шўх ижроси томошабинни бир зумда ўзига тортади.
Бош ролларда: Ли Дон Ук, Vi Ха Жун, Хан Жи Ин.
4. “Телбанинг кундалиги” (2019)
Юк Тон Шик йирик компанияда ишловчи одобли, камтар брокер. Ўзини яхши лавозимига қарамай, йигит доим ҳаётдан норози яшайди, ишда ҳам, оилада ҳам ўзини керакcиз ҳис қилади. Бир куни у жиноятнинг гувоҳи бўлиб қолади ва тасодифан қотилнинг шахсий кундалигини қўлга киритади. Аммо қочиш чоғида уни машина уриб юборади, уйғонгач эса ўзининг хотирасини йўқотганини англайди. Қўлидаги кундаликни кўриб эса, ўзини сериали қотил деб ўйлайди.
Шундан кейин бошланадиган воқеалар занжири кулги ва саргузаштга бой бўлади. Ҳар сафар сюжет кескин тус олганда, кутилмаган ҳазил ёки кулгили воқеа вазиятни тўғрилаб юборади.
Бош ролларда: Юн Ши Юн, Чон Ин Сон, Пак Сон Хун.
5. “Арвоҳ” (2015)
Канг Сон У ресторан бизнеси билан шуғулланади, аммо унинг юраги ҳар қандай муносабат ва муҳаббатга ёпиқ бўлади. Унинг ресторанида эса мулойим ва камгап қиз — На Бон Сон ишлайди. У яширинча раҳбарига кўнгил қўяди. Бир куни ўлимидан кейин рўёбга чиқмаган орзуларини амалга оширишни истаган Шин Сун Э исмли руҳ Бон Сон танасига кириб олади. Шу пайтдан бошлаб, уларнинг ҳаёти бутунлай ўзгаради.
Мазкур дорама ўзига хос фантазия ва комедия бўлиб, севги, ўзликни топиш ва кечиримли бўлишни ўргатади.
Бош ролларда: Пак Бо Ёнг, Чон Жон Сок, Лим Чу Ҳван.
6. “Ўғри: Хазиналар қўриқчиси” (2023)
Ҳван Де Мёнг Жанубий Корея Маданий мерос агентлигининг ходими сифатида фаолият юритади. Бир қарашда ҳеч ким ундан шубҳа қилмайди, аммо йигит кечалари сирли ўғрига айланади. У бойлар ноқонуний тарзда эгаллаган қадимий буюмларни ўғирлайди ва уларни давлатга қайтаради. У “Скунс” тахаллусли ўғри дея танилади, лекин бир куни унинг икки ҳаёти тўқнаш келади.
Дорамада саргузашт, жиноят ва комедия жанрлари уйғунлашган.
Бош ролларда: Чу Вон, Ли Жу У, Чо Хан Чхол.
7. “Катта” (2012)
Канг Гён Жун 18 ёшли ўсмир бўлади, ўз болалигида етим қолиб, ёлғиз яшайди. Бир куни у мототцикл билан автоҳалокатга учрайди ва ғалати ҳодиса юз беради: унинг руҳи 30 ёшли шифокор Со Юн Женинг танасига кўчиб ўтади. Энди у катта одам ҳаётини яшашга, ҳаттоки ўз ўқитувчиси билан унаштирилган эркак ролини ижро этишга мажбур бўлади.
Бош ролларда: Кон Ю, Ли Мин Жонг, Чан Хён Сон.








