2026-йилги жаҳон чемпионати Исроил иштирокида ўтса, унда Испания терма жамоаси мусобақани бойкот қилиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Испания парламентидаги социалистлар гуруҳи вакили Патхи Лопес ўз чиқишида маълум қилди.
Агар Исроил мусобақада қатнашса, Испаниянинг жаҳон чемпионатида қатнашмаслик масаласини кўриб чиқамиз, деди Лопес.
Испания ҳукумати позицияси мамлакат ичида Исроилнинг халқаро спорт мусобақаларида иштироки юзасидан кучайган баҳслар фонида билдирилди. Лопес матбуот анжуманида спорт ташкилотларини Исроилни мусобақалардан четлатишга чақирди ва Россия Украинага бостириб киргач халқаро футбол мусобақаларидан четлаштирилганини эслатди.
Исроил жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашни давом эттирмоқда. Жамоа Италия, Норвегия, Эстония ва Молдова билан бир гуруҳда жойлашган. 5 турдан сўнг 9 очко тўплаган Исроил учинчи ўринда бормоқда. Уларда тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритиш имконияти паст бўлса-да, плей-офф орқали мундиалга чиқиши мумкин. Ўтган ҳафта Женнаро Гаттузо бошчилигидаги Италия Исроилни 4:5 ҳисобида қийинчилик билан мағлуб этди. Айни пайт гуруҳда Норвегия етакчилик қилаётган бўлса, плей-офф учун асосий рақобат Италия ва Исроил ўртасида кечади.
Мазкур жамоалар 14 октябрь куни Удине шаҳрида ўзаро ўйин ўтказади. Бу учрашув икки жамоанинг жаҳон чемпионатидаги тақдирини белгилаб бериши мумкин.








