Чехия Россия дронларининг Польша ҳаво ҳудудига бузиб кириши билан боғлиқ воқеадан сўнг унинг чегарасини қўриқлашда ёрдам беради. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Чехия Польшанинг шарқий чегарасини қўриқлаш учун учта вертолётини юборди.
“Учувчиларимиз яқин вақт ичида Польша ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишни бошлайди”, дейилади Чехия Қуролли кучлар баёнотида.
Польша армиясига кўра, авиатехникалар Тршебич шаҳридаги 22-вертолёт авиабазасига тегишли.
“Ушбу қисмнинг ҳарбий хизматчилари илгари ҳам мамлакатимизда фаолият кўрсатган. Улар 2024-йили Польшанинг жануби-ғарбий ҳудудларида юз берган сув тошқини пайтида ёрдам берган эди”, дейилади хабарда.
12 сентябрь куни НАТО бош котиби Марк Рютте яқин кунларда НАТО Европанинг шарқий қаноти мудофаасини кучайтириш учун “Шарқий қўриқчи” (Eastern Sentry) миссиясини юборишини эълон қилди. Миссияга иттифоқчиларнинг турли куч ва воситалари жалб этилади. Иштирокчилар орасида Дания, Франция, Буюк Британия ва Германия бор.
Россия дронларининг Польшага кириши
10 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг камида 19 та дрони Польша чегарасини кесиб ўтди, уларнинг аксарияти Беларусь ҳудудидан учиб келган. Дронларни тутиб олиш учун Польша авиацияси билан бирга, НАТО қирувчи самолётлари ҳам кўтарилган.








