Украина 2026-йилда ҳарбий харажатлар учун камида 120 миллиард доллар сарфлашига тўғри келади. Бу ҳақда Ялта Европа стратегияси конференциясида сўзга чиққан мамлакат мудофаа вазири Денис Шмигал маълум қилди. Мулозим, шунингдек, мазкур сумма уруш тўхтаган тақдирда ҳам деярли ўзгармаслигини таъкидлади.
“Уруш тугаса ҳам, захираларни тўлдириш учун шунча маблағ керак бўлади. Бу армияни Россиянинг навбатдаги эҳтимолий тажовузига тайёр ҳолатда ушлаб туриш учун зарур”, деди у. Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда ким мудофаа учун камроқ маблағ сарфласа, ўша ҳудудлари ва фуқароларининг ҳаёти билан товон тўлайди.
Шмигал, шунингек, Украина ўзини етарли миқдорда ҳарбий техника билан таъминлай олишини айтиб, ҳамкорлардан дронлар ва уларни ишлаб чиқариш учун маблағ сўради.
“Урушни тугатиш учун кучли Украина армияси, етарли техника ва қурол-яроғ, шунингдек, қатъий иккиламчи санкциялар зарур. Биз ҳамкорлардан шуни сўраймиз”, деди у.
Вазирнинг фикрича, Украина ва ҳамкорлар Путиннинг ўзи урушни тугатишни истаб қоладиган шароит яратиши зарур. Шмигал бунга узоқ масофали дронлар билан Россия ҳудудига зарбаларни интенсивлаштириш орқали эришиш мумкин деб ҳисоблашини айтди.
Украина мудофаа вазири, шунингдек Россия тинчлик ўрнатилганидан сўнг қайта ҳужум қилмаслиги учун барқарор мудофаа тизимини яратиш зарурлигини урғулади.








