АҚШ Давлат котиби Исроилга келди. У яҳудий расмийлари билан Ғарбий Соҳилни анннексия қилиш масаласини муҳокама қилади. Марко Рубио ўз сафарини Қуддусдаги “Ғарбий девор”ни зиёрат қилишдан бошлаган. Унга Исроил бош вазири ҳамроҳлик қилди.
Рубио Исроилга ташрифи Ғарбнинг қатор пойтахтлари Фаластинни расман тан олиши кутилаётган бир пайтга тўғри келди. Исроил бош вазири аннексия кўлами бўйича ҳали якуний қарор чиқармаган. Яҳудий расмийларига кўра, у Рубио билан учрашувда АҚШ президенти Дональд Трамп бундай қадамни қўллаб-қувватлайдими ёки йўқми аниқлаб олишни истайди.
Ғарбий Соҳил 1967-йилги Араб-Исроил урушида босиб олинган бўлиб, ўшандан буён Исроил томонидан назорат қилинади. Исроиллик кўчманчилар ҳудудга ўз аҳоли масканларини қуриб, унинг муайян қисмини маҳаллий аҳолидан тортиб олган.

Бирлашган Араб Амирликлари Исроилнинг Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш режаларини кескин қоралаб, бундай қадам Тель-Авив билан тинчлик шартномасини издан чиқариши ҳамда Иброҳим келишувларини кенгайтиришга тўсқинлик қилишини айтди.
Вазият БМТ Бош ассамблеясининг Нью Йорк декларациясини қабул қилиши ортидан янада кескинлашди. Франция ва Саудия Арабистони тақдим этган ушбу резолюция Фаластин давлатини яратишга чақириқ бўлиб, уни 142 давлат қўллаб-қувватлади. 10 та давлат, жумладан АҚШ ва Исроил қарши чиқди. Яна 12 та давлат эса бетарафликни маъқул кўрди.
Мазкур ҳужжат 22 сентябрь куни Нью Йоркда бўлиб ўтадиган саммитда бир неча давлатлар, жумладан Франция, Британия ва Канада томонидан Фаластинни тан олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ахиосънинг ёзишича, Рубио ёпиқ эшиклар ортида аннексияга қарши эмаслигини ва Трамп маъмурияти бунга тўсқинлик қилмаслигини билдирган. Аммо Оқ уй бундай қадам Иброҳим келишувларининг истиқболини хавф остида қолдиришидан хавотирга тушган. Боиси бу АҚШ президентининг дипломатик меросига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.








