Россия армияси Украина шарқидаги Новониколаевка қишлоғини назоратга олганини даъво қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги 13 сентябрь куни расмий баёнот берди.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳудуд “Восток” гуруҳига қарашли бўлинмаларнинг “фаол ҳужум ҳаракатлари” натижасида қўлга киритилган. Россия ҳарбийлари 157 та ҳудудда Украина қуролли кучлари ва хорижлик ёлланма жангчилар жойлашган нуқталар, узоқ масофали дронлар омборлари, бошқарув марказлари ва учириш жойларига авиазарба берганини ҳам билдирган.
Шунингдек, HIMARS ракета тизимининг 3 та ракетаси ва 340 дона дрон уриб туширилгани айтилмоқда. Украина томони ҳозирча бу баёнотга муносабат билдирмаган. Одатда Киев Россия расмийларининг бундай даъволарини тасдиқламайди.








