Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида жойлашган металл қабул қилиш шохобчаларидан бирида кучли портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 3 нафар ўзбекистонлик ишчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда ktk.kz хабар берди.
Бахтсиз ҳодиса Байсерке қишлоғида юз берган. Расмий маълумотларга кўра, портлаш вақтида номаълум объект портлаб кетган. Шохобча эгаси воқеага қуйидагича муносабат билдирган:
“Орқа тарафда металл қуюв цехи бор. Бу жой ҳам менга тегишли. Уни хитойликларга ижарага берганман. Уларнинг айтишича, бир вақтлар арзон нархда бир уюм темир-терсак сотиб олишган. Металлар орасида нималар борлигини ўзлари ҳам билмайди. Афсуски, улар орасида портлатилмаган миналар ҳам бор эди. Воқеа жойига барча хавфсизлик кучлари етиб келди, ҳозирда текширув ишлари олиб борилмоқда”.
Ҳодиса жойи ҳозирда терговчилар, суд-тиббиёт экспертлари ва Мудофаа вазирлиги вакиллари томонидан ўрганилмоқда. Фожиа юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давомида ҳеч ким ҳодиса ҳудудига киритилмаяпти. Олмаота вилояти полицияси расмийси Эрнар Саидилдиннинг маълум қилишича, портлаш Или туманидаги металл йиғиш шохобчасида юз берган.
“Номаълум объект портлаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлган. Уларнинг жасадлари ҳаёт аломатларисиз топилган. Воқеа юзасидан жиноят иши очилди”, деди у.








