Қозоғистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичи доирасидаги Бельгияга қарши ўйинда 0:6 ҳисобида мағлубиятга учради. Шундан сўнг жамоа бош мураббийи Али Алиев истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда “Sports24.kz” нашри хабар берди.
“Барчаси учун жавобгарликни ўз зиммамга оламан. Бу на жамоанинг, на футболчиларнинг айби эмас. Яна такрорлайман: масъулият меники. Қозоғистонга қайтишимиз биланоқ раҳбариятга истеъфо учун ариза бераман”, деди Алиев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Шунингдек, у матбуот анжуманини эрта якунлаб, журналистлар саволларига жавоб бермасдан зални тарк этди.
Маълумот учун, айни пайтда Қозоғистон J гуруҳида 3 очко билан 4-поғонани эгаллаб турибди. Улар 1-ўриндаги Шимолий Македония терма жамоасидан 8 очко ортда қолмоқда. Жамоа саралаш доирасидаги навбатдаги учрашувини 10 октябрь куни Лихтенштейнга қарши ўтказади.








