Россия президенти Владимир Путин украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан исталган жойда учрашишга тайёр. Бу ҳақда Словакия бош вазири Роберт Фицо маълум қилди.
Фицо Путин билан учрашганини эслатиб, унинг Зеленский билан “исталган жойда, жумладан Москвада ҳам” учрашишга тайёр эканини айтди. 5 сентябрь куни Словакия бош вазири Ужгородда Украина раҳбари билан музокара олиб борди. Россия президенти дастлаб Зеленскийни музокаралар учун Москвага таклиф қилганди. Сиёсатчи бунга жавобан Россия президентини Киевда музокара олиб боришга чақирган.
“Зеленскийнинг Путин билан учрашуви унга мамлакат ичида катта сиёсий фойда келтирмайди, албатта, Россия фуқаролари ҳам бундай учрашувдан мамнун бўлмас эди. Бироқ иккаласи ҳам бу уларга сиёсий зарар етказиши мумкинлигини англаган ҳолда, учрашиб масалаларни муҳокама қилиши зарурлигини тушунади. Чунки агар улар музокарага киришмасалар, уруш давом этаверади”, деган Роберт Фицо.
Словакия бош вазири ҳам Москва билан муносабатларни нормаллаштириш кераклигини такрорлади. Унинг фикрича, уруш тугаганидан кейин имкон қадар тезроқ Россия билан халқаро ҳамкорликни бошлаш лозим.
Россия президенти 3 сентябрь куни Зеленский музокара истаса, Москвага келиши кераклигини айтганди. Бу чақириққа жавобан Украина томони таклифни нореал ва қабул қилиб бўлмайдиган деб атади. Тегишли баёнот президент маслаҳатчиси Дмитрий Литвин ҳамда ташқи ишлар вазири Андрей Сибига томонидан эълон қилинди.
Путин уруш тез орада тугаши мумкинлигини айтса-да, Россия Донбасс ҳудудидан воз кечмаслигини ва мақсадларини куч билан амалга оширишини маълум қилган. Бундан ташқари, у Украинанинг НАТОга аъзо бўлишга интилмаслигини талаб қилмоқда.








