Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсовнинг сўзларига кўра, ҳозир мамлакат ҳудудида тахминан 700 минг нафар россиялик ҳарбий хизматчи бор.
Унинг таъкидлашича, бу рақам нафақат мунтазам қўшинларни, балки ёрдамчи кучлар, махсус хизматлар ва Россия Миллий гвардиясини ҳам ўз ичига олади. Уларнинг асосий қисми Донецк вилоятида тўпланган бўлиб, бу мазкур ҳудуд Кремль учун устувор йўналиш эканини кўрсатади.
Украина мулозими Шимолий Корея аскарлари ҳақида ҳам тўхталиб, улар Россия ҳудудидан чиқмай, Курск фронтида жанг қилганини таъкидлади.
Аввалроқ Днипро оператив-стратегик қўшинлар гуруҳининг матбуот котиби Виктор Трегубов Покровск йўналишидаги вазият ҳақида баёнот берган эди. У шаҳарда 110 минг рус аскари мавжуд эканини, бу урушгача бўлган аҳоли сонидан икки баравар кўплигини таъкидлаган.
Украина Бош штаби маълумотларига кўра, Россия армияси ҳар куни ўртача 800–850 аскаридан айрилмоқда. 2022 йил февральидан буён эса талафотлар бир миллиондан ошган. Бироқ бу Киевнинг даъволари бўлиб, мустақил манбалар турлича ҳисоб-китоблар келтиради.








