Хитой Эроннинг ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқини ҳурмат қилади ва давлат суверенитетини ҳимоя қилишда Теҳронни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпин Эрон президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашувда маълум қилди, дея хабар бермоқда Хитой марказий телевидениеси.
Си Цзиньпин Пекин Эроннинг ядро қуролини ишлаб чиқармаслик тўғрисидаги бир неча бор берган ваъдаларини қадрлашини таъкидлаган.
“Хитой Эроннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва миллий қадр-қимматини ҳимоя қилишда, шунингдек, сиёсий музокаралар орқали унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишда қўллаб-қувватлайди”, деди Хитой раҳбари.
У беқарор халқаро вазиятга қарамай, Хитой-Ерон муносабатлари муваффақиятли ривожланаётганини қўшимча қилган. Шунингдек, Хитой Эрон ядро муаммосини барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этишга кўмаклашишни ва Яқин Шарқда мустаҳкам тинчликка эришиш учун саъй-ҳаракатларини давом эттиришини билдирган.
Август ойи охирида Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ Эронни ўзига бўйсундиришни истаётганини таъкидлаб, эронликлар бундай оғир ҳақоратга қарши бор кучи билан қаршилик кўрсатишини маълум қилганди.








