Daryo

Ироқда 5 000 йиллик қадимий шаҳар топилди

Археологлар Мосул сув омбори сувининг камайиши ортидан қадимий шаҳар қолдиқларини аниқлади.

1 дақиқа ўқиш820 кўришлар0 изоҳ0

Курдистон минтақасида археологлар тахминан беш минг йиллик қадимий шаҳарни топди. Бу ҳақда CNN Arabic  хабар берди.

Ироқнинг Дуҳок вилояти қадимий ёдгорликлар ва мерос бошқармаси шундай баёнот берди:

“Мосул сув омбори сувининг чекиниши ортидан қадимий шаҳар ва эллинистик даврга оид қабристон топилди”.

Дуҳок вилояти ёдгорликлар ва мерос бошқармаси раҳбари Бекс Брифка, энг йирик сопол тобутли қабристонлардан бири ҳам аниқланганини таъкидлади.

“Дуҳок вилояти ёдгорликлар ва мерос бошқармаси беш минг йилдан кўпроқ вақт аввал мавжуд бўлган қадимий шаҳарга дуч келди. Шунингдек, эрамиздан аввалги 300-йилларга оид энг йирик сопол тобутли қабристон ҳам топилди. Бу кашфиёт Мосул сув омборидаги сув сатҳи пасайганидан сўнг амалга оширилди”, деди Брифка.

Бошқарма раҳбарининг қўшимча қилишича, топилма илк бор 2023-йилда аниқланган, аммо қазиш ишлари сув сатҳи кескин камайгач бошланган.

“Бу археологик топилма аслида 2023-йилда аниқланган эди, бироқ бу йил Мосул сув омборидаги сув энг паст даражага тушгач, қазиш ишлари бошланди. Ҳозирда 40 та қабрга оид буюмлар ажратиб олинмоқда ва улар тегишли музейга кўчирилади. Қазиш ишлари Дуҳок ёдгорликлар бошқармаси археологлари ва мутахассислари томонидан, вилоятнинг тўлиқ қўллаб-қувватлаши остида амалга оширилмоқда. Ишлар Мосул сув омбори кўли бўйидаги қадимий Ханки қишлоғида топилган қабрларни сақлаб қолишга қаратилган”, деди у.

Топилмалар орасида Нинова-5 даври, қадимги ва ўрта бронза даврлари, Митаннийлар даври ҳамда Янги Оссурия даврига оид сопол буюмлар, шунингдек, эллинистик даврдан то исломий давргача оид кўплаб сопол идишлар мавжуд.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар