Маълумотларга кўра, флот таркибига учта эсминец, иккита десант кемаси, бир десант вертолёт ташувчи кема, крейсер ва қирғоқбўйи жанговар кемаси киради. Улардан айримлари аллақачон минтақага етиб келган, қолганлари эса йўлда давом этмоқда. АҚШ денгиз кучларининг аниқ жойлашуви ошкор этилмаган. Ҳозирча икки эсминец Кариб денгизининг шарқий қисмида, яна бири эса Панама соҳилларида бўлгани маълум. Кемалар Венесуэла қирғоқларига бевосита яқин жойлашмаган.
Операцияда 4500 нафар ҳарбий, жумладан 2200 нафар денгиз пиёдаси иштирок этмоқда. Бу наркотрафикка қарши курашиш учун ноодатий миқдор ҳисобланади, чунки одатда бундай миссияларда бунчалик кўп аскар жалб қилинмайди. Венесуэла ҳукумати 28-август куни БМТ бош котиби Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, АҚШ кемаларининг жойлаштирилишини “ҳарбий аралашувни оқлаш учун йирик ташвиқот кампанияси” деб атади.
2024 йилги президент сайловларида Марказий сайлов кенгаши амалдаги раҳбар Николас Мадурони ғолиб деб эълон қилган бўлса-да, мухолифат кўпчилик сайловчилар Эдмундо Гонсалесни қўллаганини таъкидламоқда. АҚШ сайлов натижаларини тан олмади ва Мадурони қонуний президент сифатида қабул қилмайди.
Бундан ташқари, АҚШ айрим юқори мартабали венесуэлалик амалдорларни пул ювиш ва наркотик контрабандаси бўйича айблаган. Июл ойида АҚШ Молия вазирлиги Мадурони мамлакатдаги артел де лос Солес наркокартелини бошқаришда айблаб, уни террорчилик ташкилоти деб эълон қилди.
Икки давлат ўртасидаги инқироз Трампнинг иккинчи президентлик даврида янада кучайди. 2025 йил бошидан буён АҚШдан қарийб саккиз минг венесуэлалик мигрант депортация қилинди. Трамп маъмурияти уларнинг кўпини Венесуэладаги Трен де Арагуа тўдасига алоқадор деб атамоқда.








