Daryo

Паулу Бенту Ўзбекистон терма жамоасида нималарни ўзгартириши мумкин?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигига португалиялик мутахассис Паулу Бенту номзоди кўрилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Агар бу қарор расман тасдиқланса, ўзбек футболида янги давр бошланиши мумкин. Шу боис, “Daryo” нашри Бентунинг мураббийлик фаолияти, ўйин услуби ҳамда эришган ютуқлари ҳақида батафсил тўхталишга қарор қилди

5 дақиқа ўқиш1 048 кўришлар0 изоҳ3
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигига португалиялик мутахассис Паулу Бенту номзоди кўрилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Агар бу қарор расман тасдиқланса, ўзбек футболида янги давр бошланиши мумкин. Шу боис, “Daryo” нашри Бентунинг мураббийлик фаолияти, ўйин услуби ҳамда эришган ютуқлари ҳақида баътафсил тўхталишга қарор қилди. 

 

Футболчилик фаолияти

Паулу Бенту футболчилик фаолияти давомида Португалия клублари ҳамда Испаниянинг “Овьедо” жамоасида тўп тепган. У таянч ярим ҳимоячи позициясида ҳаракат қилган. Бенту бир марта Португалия чемпиони, 3 марта мамлакат кубоги ҳамда Суперкубогини қўлга киритган. У жами 295 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 8 та гол ҳамда 9 та ассист муаллифига айланган. Паулу Бенту 2004-йилда футболчилик фаолиятини якунлади.Мураббийлик фаолияти

Паулу Бенту футболчилик фаолиятини якунлагач, тез орада мураббийликка ўтган. У дастлаб, карерасини Лиссабоннинг “Спортинг” U-19 жамоасига устозлик қилишдан бошлаган. Орадан бир йил ўтиб, “Спортинг”нинг асосий жамоаси устози этиб тайинланган. У лиссабонликлар сафида 2009-йилнинг ноябр ойига қадар ишлаган ва клуб билан 2 марта Португалия кубоги ва 2 марта Суперкубогини қўлга киритган. 
Фото: УЕФА
Мутахассис 2010-йилнинг ёзига келиб Португалия терма жамоасида ишлашни бошлади. Айнан унинг қўл остида португалияликлар Евро-2012 мусобақасида ярим финалга қадар етиб борган эди. Аммо финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Испанияга пеналтилар сериясида мағлубиятга учраб, мусобақадаги юришини якунлаган. Кейинчалик жамоа билан Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ҳам қатнашди. Аммо Португалия гуруҳ босқичида муваффақияцизликка учради. Жамоа Германияга 0:4 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, АҚШ билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Ганани 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган португаллар 4 очко билан гуруҳ босқичида иштирокини якунлаган. 

Кейинчалик Бразилиянинг “Крузейро” клубида ҳам қисқа муддат ишлади. Аммо 2 ойдан кейин у ердан ишдан бўшатилган. Европага қайтган Бенту бир йил давомида Грециянинг “Олимпиакос” клубини бошқарди. У жамоа билан 40 та ўйин ўтказиб, 26 та ғалаба, 8 та дуранг ва 6 та мағлубият қайд этди. У 2017-йилнинг март ойида ёмон натижалар ортидан ишдан бўшатилган. 

 

Паулу Бенту 2017-йилнинг декабр ойида Хитойнинг “Чунсин Лифан” клубига менежер этиб тайинланди ва 2018-йилнинг июлида истеъфога чиқарилди. 

Шундан кейин мутахассис Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бенту “Осиё йўлбарслари” таркибида 2022-йилга қадар фаолият олиб борган. Мураббий ортда қолган 4 йил давомида Жанубий Корея билан Шарқий Осиё кубогида ғалаба қозонган. Қатарда ўтган Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида 1 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият қайд этиб, плей-офф йўлланмасига эга чиққан. Аммо нимчорак финалда Бразилияга 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраб, турнир билан хайрлашган. 

Фото: УЕФА

Бентунинг охирги иш жойи Бирлашган Араб Амирликлари ҳисобланади. У жамоани 2026-йилги Жаҳон чемпионатига олиб чиқиши керак эди. Бироқ амирликлар жамоаси гуруҳ босқичида ёмон натижалар қайд этиб, тўғридан-тўғри мундиал йўлланмасини қўлга кирита олмади. Шундан кейин 2025-йилнинг март ойида у ердан ҳам бўшатилди.

Ўйин услуби ва тактик схемалари

Паулу Бенту одатда 4-2-3-1 ёки 4-3-3 схемаларидан фойдаланади. Унинг мураббийлик фалсафаси аниқ структурага эга бўлган, балансли футболга асосланади. Жамоалари кучли прессинг, интизомли ҳимоя ва кескин қарши ҳужумларга таянган ҳолда ўйнайди. Бенту ҳужумчиларни самарали ишлатиш, ярим ҳимоячилар эса тўпни назорат қилиш ва тактик интизомни сақлашини талаб қилади.

У ўзини “баланс тарафдори” деб ҳисоблайди: яъни жамоа ҳужумда фаол ва ижодкор бўлиши керак, аммо бу билан бирга ҳимоя чизиғини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Жанубий Корея терма жамоасини бошқарган даврида ҳам у айнан шу ёндашув асосида ишлаган: баъзида рақибга майдоннинг катта қисмини топширган бўлса-да, қарши ҳужумларда юқори самарадорликка эришган. Бенту асосан 4-2-3-1 схемасидан фойдаланса-да, нисбатан оддий жамоаларга қарши иккита ҳужумчи билан ҳам ўйнаган ҳоларлар кузатилган. Аммо ўша пайтда ҳам ҳимоя унутилмаган. Яъни жамоа 4 ҳимоячи ва иккита таянч ярим ҳимоячи билан ҳаракат қилган. Бу ҳам мураббийни “баланс тарафдори” эканлигини англатади. Аммо Бентунинг жамоалари бир хил схема остида ўйнаши кўп ҳолларда танқидларга учраган.

Жанубий Кореянинг The Korea Times нашри шундай ёзади:
Мураббий сифатида Паулу Бентунинг энг катта камчилиги бу ҳаддан ташқари қатъийлик ва тактик мослашувчанликнинг етишмаслигидир. У ўз тактикасига шу қадар содиқки, кўп ҳолларда рақибга қараб схема танлашни истамайди. Бу эса кучли рақибларга қарши ўйинларда салбий натижаларга олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, Паулу Бенту кучли тактика, интизом ва барқарорлик тарафдори. У ўз бошқарувидаги жамоаларга тартибли ва барқарор ўйнашни ўргатади. Айниқса, турнир шаклидаги мусобақаларда унинг ёндашуви фойда беради.

Бироқ мураббийнинг қатъиятли ёндашуви баъзан:

1. Жамоанинг ижодкорлик салоҳиятини пасайтиради,
2. Ҳужумда самарадорликни чеклайди.

Интизом ва мураббийлик фалсафаси

Паулу Бенту футболчиларидан қатъий интизом ва режага амал қилишни талаб қилади. У индивидуал юлдузларга таяниб қолмайди, балки жамоавий ўйинни биринчи ўринга қўяди. Португалиялик мутахассис мураббий сифатида жамоада руҳий барқарорлик яратишга ҳам катта эътибор беради. Мураббий баъзи ҳолларда футболчиларнинг фикрини ҳисобга олмаслиги ёки ўта совуққонлик билан ёндашиши сабабли, ички муҳитда муаммолар юзага келган ҳолатлар ҳам бўлган. Португалия терма жамоасида Криштиану Роналду билан бўлган келишмовчиликлар бунга мисол бўла олади.

Шунингдек, у оммавий ахборот воситалари билан ҳам яхши чиқишмайди. Баъзида киборлик билан, баъзида совуққон тарзда муносабат билдиради.

 Бенту Ўзбекистон терма жамоасига тайинланса, нималар ўзгариши мумкин?

Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги йилларда барқарор тарзда 5 ҳимоячи билан ўйнашга ўтган эди. Бу схема жамоага интизомли ҳимоя ва қарши ҳужумлар асосида анча ижобий натижалар олиб келди. Айниқса Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда бу услуб ўзини оқлади. Бироқ португалиялик Паулу Бенту тайинланса, бу тактик ёндашув ўзгариши мумкин.

У ҳолатда Ўзбекистон терма жамоаси қуйидаги схемаларда ўйнаши мумкин:
4-2-3-1

Фото: “Daryo” / Асадбек Бердиёров

Агар Ўзбекистон терма жамоаси ушбу позицияда ўйнашни бошласа, марказий ҳимоядаги қайсидир футболчи асосий таркибдан чиқарилиши мумкин. Одатда 3-марказий ҳимоячи сифатида Рустам Ашурматов ҳамда Умарбек Эшмуродов ўйнаб келади. Бентунинг услубида ушбу футболчилар захирада қолдирилиши ва унинг ўрнига ҳужумкор ярим ҳимоячига имкон берилиши мумкин. Бу позицияга Жамшид Искандеровни тахмин қилиб кўрса бўлади. 

 4-3-3 тактик схема

 

Фото: “Daryo” / Асадбек Бердиёров 

Паулу Бенту ушбу позициядан ҳам фойдаланади. Айниқса, 2010-2014-йилларда Португалия терма жамоасини айнан 4-3-3 позициясида ўйнатган. 

 4-4-2

Фото: “Daryo” / Асадбек Бердиёров 

Паулу Бенту Жанубий Кореяда ишлаб юрган пайтда ушбу схемага тез-тез мурожаат қилган. Яъни бунда ҳам 4 ҳимоячи ҳаракат қилади, аммо ҳимояга яқин нуқтада иккита таянч ярим ҳимоячи ўянди. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Паулу Бентунинг Ўзбекистон терма жамоасига тайинланиши эҳтимоли жамоа ўйинида сезиларли ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Йиллар давомида шаклланган 5 ҳимоячили схемадан воз кечилиб, ярим ҳимояга асосланган ҳужумкорроқ тизим 4-2-3-1 ёки 4-3-3 сари ўтиш кутилмоқда. Бу эса нафақат ўйин услубини, балки асосий таркибни ҳам янгилайди: айрим футболчилар захирага тушади, бошқаларга эса янги имкониятлар очилади.

Шунингдек, унинг Жаҳон чемпионатларида ишлаш тажрибаси ҳам Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига ишлаши мумкин. 

Qashqadaryo viloyatidanman. O’zbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti, Bosma OAV fakulteti, Sport jurnalistikasi yo‘nalishini tugatganman. “Daryo”da 2025-yilning mart oyidan beri ishlayman va xabarlar hamda tahliliy maqolalar yozaman. Har yili Qozog‘istonning “Hokim” kinosini kamida bir marta ko‘raman. Said Ahmadning “Ufq” trilogiyasini sevib o‘qiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар