Манбага кўра, тактик тўхталишлар гуманитар ташкилотларга ғазоликларга ёрдам етказиш имконини берарди. Паузалар шаҳарда июл ойидан жорий этилган эди. Ғазодаги очлик ҳақидаги хабарлардан сўнг Исроил гуманитар вазиятни юмшатиш учун ушбу чорани қўллаган.
Исроил Ғазони ҲАМАС гуруҳининг асосий таянчи деб билади. Шунинг учун Ғазони тўлиқ назоратга олиш зарур, деб ҳисоблайди. Халқаро ташкилотлар эса Исроилни инсон учун муҳим бўлган инфратузилма обектларини йўқ қилмасликка чақирмоқда.
Исроил Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Очликни баҳолаш қўмитасидан Ғазонинг айрим ҳудудларида тўлиқ очлик мавжудлиги ҳақидаги ҳисоботни қайтариб олишни талаб қилди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қўмита баёнотини “сиёсийлашган” ва террорчилик ташкилотлари манфаатига хизмат қилувчи ҳужжат сифатида баҳолади.
25-август куни БМТнинг очлик бўйича қўмитаси Ғазонинг шимолида очлик таснифи 5-даражага ҳалокатли босқичга етганини маълум қилган эди. Шунингдек, бу вазият Дайр ал-Балах ва Хан-Юнис вилоятларига ҳам ёйилиши мумкинлиги айтилган.
27-август куни БМТнинг Атроф-муҳит дастури раҳбарининг ўринбосари Жойс Мусуя Исроилни Ғазодаги очлик учун айблаб, бунинг сабабини уруш, одамларнинг уйларидан мажбуран чиқарилиши, 22 ойдан бери давом этаётган гуманитар ёрдамдаги тўсиқлар ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг издан чиқиши билан изоҳлади. Унинг айтишича, агар ҳозир зарур чоралар кўрилмаса, вазият “қайтариб бўлмас оқибатларга” олиб келади.
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Дани Данон эса мамлакати уруш жиноятлари содир этгани ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этди. Унга кўра, бундай жиноятларни ҲАМАС кучлари содир этган. Унинг фикрича, уруш фақат гаровдагилар озод қилинганда ва ҲАМАС ҳокимиятдан четлатилганда тугайди.








