Daryo

Футбол мантиқларига қарши чиққан Криштиану Роналду

Эҳтимол, Месси футболнинг ўзидир. Аммо Роналду — бутун бир давр ва бу давр ҳали тугагани йўқ

2 дақиқа ўқиш11 854 кўришлар0 изоҳ0

Португалия Миллатлар Лигаси чемпионига айланди. Бу ғалабада яна бир бор асосий қаҳрамон — Криштиану Роналду бўлди. Европа уни яна тилга олмоқда: миллионлаб твитлар, кўз ёшларини акс эттирган видеолар, ҳар бир юз ифодасини кузатган камералар — ҳамма эътибор Роналдуга қаратилган.

Фото: Getty Images

У ҳануз эътибор марказида ва бу бежиз эмас. Одамлар уни XXI аср футболининг тимсоли деб аташмоқда — бу гапда жон бор. Чунки у оддий футболчи эмас. У — бошқалардан бутунлай фарқ қиладиган шахс.

Месси бошқа йўлдан борди. Унга туғма истеъдод, нозик техника, ўйинни чуқур англаш ва, албатта, “Барселона”даги мукаммал тизим ёрдам берди. Каталонияда деярли ҳар бир мураббий Кройф фалсафасига таянарди.

Месси ҳеч қачон майдонда ўз ўрнини талаб қилмаган. У шунчаки чиқди ва ўйин бошланиши билан истеъдодини намоён этди. У — туғма даҳо.

Роналду эса ҳар нарсага ўзи эришган. У ҳар доим қаршиликларга, шароитга, тахминларга ва ҳаттоки футболдаги анъанавий қарашларга қарши курашган.

Фото: RT.com

У меҳнатга тўла берилган инсон. Тинмай ўз устида ишлаган ва меҳнат орқали истеъдод ярата олган.

Унинг кучли гавдаси — спорт залида ўтган ўн йиллик машғулотлар маҳсули.
Унинг аниқ зарбалари — минглаб марта такрорланган машқларнинг натижаси.
Унинг руҳий барқарорлиги эса — инглиз стадионларидаги босим, кескин танқидлар ва терма жамоадаги оғир мағлубиятлар орқали шаклланган.

У қўлга киритган совринларга назар солинг:

  • 5 карра “Олтин тўп” соҳиби.
  • 5 марта Чемпионлар лигаси ғолиби.
  • 2016 йилда Португалия билан Европа чемпиони (бу жамоа илгари фақат 2000 йилда ярим финалгача етиб борган эди).
  • 2 карра Миллатлар Лигаси чемпиони.
  • Терма жамоалар тарихидаги энг яхши тўпурар.
  • Чемпионлар Лигаси тарихидаги энг сермаҳсул футболчи.
  • Футбол тарихидаги энг кўп гол урган ўйинчи — 890+ гол.
Фото: Euro-Football

Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Аммо энг муҳим жиҳати шундаки — у бу ютуқларнинг аксариятини Португалия билан қўлга киритган. Бразилия ёки Аргентина каби жамоаларда эмас, балки оддий, меҳнаткаш Португалия билан.

Нега у футбол рамзига айланган?

Чунки футбол тимсоли бўлиш — фақат машҳур бўлиш эмас. Бу — ҳар доим эътибор марказида бўлиш, ким учундир илҳом манбаи, бошқалар учун эса баҳс мавзуси ёки танқид нишони бўлиш демакдир.

Фото: MSN

Футбол рамзи дегани бу — сен жим турганингда ҳам сени муҳокама қилишлари.

Эҳтимол, Месси футболнинг ўзидир.
Аммо Роналду — бутун бир давр. Ва бу давр ҳали тугагани йўқ.

2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларини томоша қилинг.
У яна майдонга тушади. 40 ёшида ҳам.
Шунчаки мажбур бўлгани учун эмас — ҳануз бунга қодир бўлгани учун.

                                                         Жамшидбек Маҳмудов тайёрлади.

Qashqadaryo viloyatidanman. O’zbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti, Bosma OAV fakulteti, Sport jurnalistikasi yo‘nalishini tugatganman. “Daryo”da 2025-yilning mart oyidan beri ishlayman va xabarlar hamda tahliliy maqolalar yozaman. Har yili Qozog‘istonning “Hokim” kinosini kamida bir marta ko‘raman. Said Ahmadning “Ufq” trilogiyasini sevib o‘qiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар