Daryo

Юзга нафис ялтираш берувчи хайлайтерни тўғри қўллашнинг 5 усули

Хайлайтер — юзга нафис нур ва тетик кўриниш бағишлайдиган гўзаллик воситаси. Аммо нотўғри ишлатилганда, у терини ортиқча порловчи ва ёғли қилиб кўрсатиши мумкин. Ушбу мақолада хайлайтерни аниқ ва эҳтиёткорлик билан суртишнинг усулларини ўрганасиз

3 дақиқа ўқиш6 174 кўришлар0 изоҳ0

Хайлайтер бу юзга янги кўриниш ва нозик порлаш бағишлайдиган мўжизавий восита. Аммо уни ортиқча ишлатиш билан ҳолат бутунлай ўзгаради — нафис ялтираш ўрнига юз ёғли ва ҳаддан ташқари порлоқ кўриниб қолади.

Фото: Ижтимоий тармоқ

Қуйида хайлайтерни чиройли ва аниқ суртишнинг 5 ишончли усулини кўриб чиқамиз. Улар ёрдамида сиз ёноқлар, кўзлар, лаблар ва бурунни тўғри ажратиб кўрсатишни ўрганасиз.

Фақат ёноқ суягининг юқори қисмига суртиш

Фото: Ижтимоий тармоқ

Хайлайтерни фақат ёноқ суягининг энг юқори нуқтасига суртинг. Бу юзни ёрқин, аммо табиий кўринишда ажратиб туради. Муҳими порлашни чакка ёки ёноқларга чўзмаслик керак.

Лайфҳак: кенг чизиқ чизиш ўрнига фақат кичик нуқта ёки вергул шаклида суртиш янада нафис ва ўйланган эффектни беради. Хайлайтерни гўёки ёқимли табассум қилаётган одамнинг ёноқларида пайдо бўладиган порлаш каби майин суртишга ҳаракат қилинг.

Кўпинча қизлар бу эффект учун йирик ялтироқ заррали хайлайтер танлайди. Бу эса юзни ёғли ниқобга ўхшатади. Агар сиз табиий макияжни истасангиз, сатин (ипакдек) тугалланишга эга хайлайтердан фойдаланинг ва уни ортиқча суртмасликка ҳаракат қилинг.

Қош остига озгина қўлланг

Фото: Ижтимоий тармоқ

Бу усулни визажистлар яхши кўришади. Чунки у кўз қарашини “очади” ва ҳатто ҳеч қандай инексиясиз “кўтаради”. Фақат битта шарт: хайлайтерни фақат қошнинг энг юқори эгилган нуқтасига озгина суртиш керак. Уни бутун қовоғингизга ёки пешонага чўзманг — бу ортиқча ёруғлик ва оғирлик беради.

Бу нима учун ишлайди? Ёрқин нуқта кўзнинг юқорироқ жойлашгандек кўринишига олиб келади, бу эса қарашни анча ёш ва тетик қилади. Муҳими йирик ялтироқ зарраларсиз, юмшоқ сатин эффектли хайлайтер танланг, шунда натижа табиий кўринади. Яъни 2000 йиллардаги пардоз услубига ўхшаб қолмайди.

Кўз бурчаклари ва бурун чизиғи

Фото: Ижтимоий тармоқ

Кўз бурчаклари ва бурун чизиғига енгил ҳажмдаги хайлайтер суртилса, қараш очиқроқ, юз эса табиийроқ ялтирайди. Асосий қоида — хайлайтерни оз миқдорда ва нозик чизиқ билан қўллаш.

Крем ёки гел консистенсиядаги зичроқ хайлайтерларни танланг. Улар нам, соғлом ялтираш эффектини беради. Бундай маҳсулотлар осон суртилади ва бир текис ёйилади. Кўз бурчакларидаги енгил порлаш қарашни очади, бурун чизиғидаги ялтираш эса уни янада нозик ва текис кўрсатади.

Лаблар усти ва ияк қисми

Ники Минаж каби кўплаб машҳур инсонлар лаблар усти ва ияк соҳасига хайлайтер суриб, юзининг пастки қисмини енгил ялтиратади. Бу усул юзнинг марказий қисми ҳаддан ташқари порлаб кетишидан сақлаб, юзга янги ва мувозанатли кўриниш беради.

Хайлайтерни юқори лаб устига кичик “V” шаклида ва иякка озгина суртинг. Юз шакли чиройли кўринади. Айниқса, бу усул пешона ва бурунга урғу бермасдан контур яратишга ёрдам беради. Енгил ялтираш берувчи, ярим шаффоф хайлайтерни танланг. Уни эҳтиёткорлик билан суртинг, айниқса ияк соҳасида ортиқча порлашдан сақланинг.

Крем ёки макияж базаси билан аралаштиринг

Фото: Ижтимоий тармоқ

Катта экрандаги юлдуз Кейт Ҳадсон хайлайтерни кундалик парвариш креми билан аралаштириб, уни юзга бир текисда суради. Бу усул юз бўйлаб табиий, соғлом ялтираш яратади.

Агар сиз бутун юзда юмшоқ ялтираш истасангиз, хайлайтерни севимли юз кремингиз ёки макияж базангиз билан аралаштиринг. Бу сизга ички порлаш эффектини беради — гўёки тери ўзидан нурланаётгандек кўринади.

Jizzaxdanman. O‘zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti teleradio jurnalistikasi yo‘nalishini bitirganman. “Daryo”da 2025-yildan beri muxbir lavozimida ishlayman va turli xil yo‘nalishda reportajlar, intervyular tayyorlayman hamda ularni saytga xabar qilib beraman. Har yili “Fantomas” filmini takror ko‘raman. “Mehrobdan chayon” (Abdulla Qodiriy publitsistikasi) ni sevib mutolaa qilaman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар