Daryo

“Барчасига террорчи арабларнинг ўзи айбдор” — Ғарб медиасининг Фаластин ҳақида тарқатаётган ёлғонлари

Фаластин—Исроил можароси бошланганига 75 йил бўлди. Ўтган йиллар давомида жаҳон медиасида асосий ўрин тутадиган Ғарб ОАВ аксарият ҳолларда Исроил томонида бўлган ва фаластинлик араблар ҳақида турли ёлғонларни тарқатган. Ана шу ёлғонларга ишонган ғарбликларнинг бир қисми бугун Исроилнинг Фаластин арабларига нисбатан тутаётган босқинчилик сиёсатини тўғри деб билмоқда. “Дарё” колумнисти ушбу мавзуда таҳлилий мақола тайёрлади

11 дақиқа ўқиш28 870 кўришлар0 изоҳ0

Фаластин—Исроил можароси бошланганига 75 йил бўлди. Ўтган йиллар давомида жаҳон медиасида асосий ўрин тутадиган Ғарб ОАВ аксарият ҳолларда Исроил томонида бўлишган ва фаластинлик араблар ҳақида турли ёлғонларни тарқатишган. Ана шу ёлғонларга ишонган ғарбликларнинг бир қисми бугун Исроилнинг Фаластин арабларига нисбатан тутаётган босқинчилик сиёсатини тўғри деб билмоқда. 

БМТ Фаластинни иккига бўлиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилганда араблар ва яҳудийларга тегган жой шу кўринишда бўлган.

Бир ярим йилдан буён Фаластиннинг Ғазо секторини назорат қиладиган ҲАМАС ташкилоти ва Исроил ўртасида қуролли можаро давом этмоқда. Томонлар шу пайтгача бир неча марта сулҳга эришди. 2025 йил 30 март куни ОАВда Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича жараён кун тартибда экани, ташкилот 50 кунлик сулҳ эвазига 5 нафар исроиллик асирни озод қилиш ҳақидаги таклифни қабул қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Исроил бир ярим йилдан буён Ғазони вайрон қилиб, тинч аҳолини, жумладан, ёш болалар, аёллар ва кексаларни ўлдирар экан, бу можаро жаҳон бўйлаб турли ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлиб келмоқда.

Ана шу муҳокамаларда Ғарб аҳолисининг бир қисми Исроилни қўлламоқда. Уларнинг бундай қилишига медиа оламда зўр бериб Фаластин ҳақида тарқатилаётган ёлғон маълумотлар сабаб бўлмоқда. Жумладан, улар тарихда Фаластин давлати бўлмагани, яҳудийлар фаластинликларнинг ерини тортиб олмагани, балки сотиб олгани, фаластинликларнинг аксарияти террорчи экани, Исроил фақат террорчи арабларнинг уйини бузаётганини ёзишмоқда.

Ғарб аҳолисининг бир қисмида бундай ёлғонлар шаклланишида айрим ОАВларининг ҳам яхшигина ҳиссаси бор. Уларнинг аксарияти узоқ йиллардан буён Исроил томонида туриб ёлғон маълумотлар тарқатиш билан шуғулланиб келяпти.

Ҳусам Зомлот

Биргина мисол, можаро бошлангандан кейин кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда Фаластиннинг Британиядаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари (де-факто элчиси) Ҳусам Зомлот BBC жонли эфирида журналистнинг саволларига жавоб бера туриб, телеканални Фаластин—Исроил можаросига нохолис ёндашишда айблади.

BBC журналисти Зомлотга “Сиз тинч аҳолини ўлдираётгани учун фақат Исроилни қораладингиз. Тинч аҳолини ўлдираётган ҲАМАСни эса қораламайсиз”, деганида у шундай деб жавоб берди:

“Исроил расмийларидан неча марта интервью олгансиз? Юзлаб марта. Исроил шундоқ камераларингиз қаршисида неча марта ҳарбий жиноятлар содир этган? Сиз улар билан интервьюларни ҳам ўзларининг ҳаракатларини қоралашни сўрашдан бошлайсизми? Йўқ, ундай қилмайсиз.

Биласизми, мен нега бу саволга жавоб беришдан бош тортаман? Чунки бундай тарздаги саволни рад этаман. Чунки бу саволнинг тагида бўлаётган воқеаларни нотўғри талқин қилиш ётибди. Чунки доим фаластинликлардан ўзларини ўзлари қоралаш талаб қилинади. BBC ва бошқа асосий медиалар 75 йилдан бери шундай қилиб келади. Исроилликлар ўлдирилган пайтларда бизни интервьюга чақирасизлар. Охирги ойларда Ғарбий соҳилда 200 дан ортиқ фаластинлик ўлдирилганида, нега мени шу ерга чақирмадингиз?

Исроил Қуддусда ва бошқа жойларда шунга ўхшаш провокациялар қилса, мени чақирасизми? Охирги 48 соат ичида Исроилнинг бошига тушгани каби фожиаларни фаластинликлар охирги 50, 70 йилдан бери ҳар куни бошдан кечиради.

Сиз Ғазодаги вазиятни биласиз, ҳозиргина уни тасвирлаб бердингиз. Ғазо — очиқ осмон остидаги энг катта қамоқхона. У ердаги 2 миллион киши 16 йилдан бери Исроил томонидан асирликка олинган. Мен буларни айтишимдан мақсад, бу риторикадан, бундай жуда хавфли фикрлаш қолипидан воз кечиш вақти келди. Одамларга баъзан хунук бўлса-да, рост ҳақиқатни айтиб туриш ҳам керак”.

Ҳусам Зомлот таъкидлагандай Ғарб ОАВлари 75 йилдан буён Фаластин—Исроил можаросида турли ёлғонлар тарқатиб, провокациялар уюштириб яҳудийлар фойдасига тарғибот қилиб келишмоқда.

Қуйида ижтимоий тармоқларда Ғарб ОАВ томонидан тарқатилган ва одамлар онгига сингдирилган ёлғон ва туҳмат даъволарни кўриб чиқамиз.

1947—1949 йилларда бўлиб ўтган урушдан сўнг Фаластин ҳудуди шу кўринишга келган. Қолган ҳудудлари Исроил томонидан эгаллаб олинган. 
BBC

Биринчи ёлғон — Яҳудийлар арабларнинг ерларини тортиб олмаган, сотиб олган.

Айримларга кўра, яҳудийлар Фаластинда арабларнинг ерларини тортиб олмаган, сотиб олган. Ғарб ОАВ томонидан узоқ йиллардан буён тарқатилиб келинаётган бу даъво ёлғон.

1948 йилда Исроил давлати тузилгач кўчиб келган яҳудийлар асосан бўш жойларга жойлашган. Айримлари араблардан уй-жой ёки ер сотиб олган бўлиши мумкин. Оз сонли яҳудийлар араблар билан аралаш ҳолда яшаб турган пайтида бу табиий ҳол.

Бироқ яҳудийлар давлати тузилгандан кейин биронта яҳудий араблардан ер сотиб олмаган. Чунки уруш бошлангандан сўнг Исроил арабларга тегишли жуда катта ҳудудни босиб олган ва ўша ерларга яҳудийларни жойлаштира бошлаган.

Агар яҳудийларнинг Фаластинга кўчиб келиш тарихига назар ташланса, Исроил давлати тузилгач уларнинг сони унча кўп бўлмаган. Яҳудий давлати тузилгандан сўнг кўчиб келувчилар кўпайган ва улар асосан араблардан тортиб олинган ерларга ўрнашган.

Википедия маълумотларига кўра, Европадаги яҳудийларнинг Фаластинга оммавий кўчишлари 1933 йилдан бошланган. Ўша йили Германия тепасига ўзининг антияҳудий қарашлари билан танилган Адолф Гитлер келган эди.

Гитлер яҳудий миллатини ёмон кўрган бўлса ҳам уларни қирғин қилишни 1930 йиллар охирида, Германияни ҳарбий давлатга айлантириб, ён атрофидаги давлатларни эгаллаётганда бошлаган.

1967 йилда бўлиб ўтган уруш пайти. Фаластинлик арабни асирга олган исроиллик аскар
filin.ruskyhosting.ru

Шундан сўнг Европадаги яҳудийларнинг катта қисми Америкага, қолганлари Фаластинга қочган. Масалан, 1932—1939 йиллар оралиғида Фаластинга бор йўғи 200 минг атрофида яҳудий кўчгани айтилади. Германия СССРга ҳужум қилгандан сўнг қисқа муддатда 2,5 миллион нафардан кўп яҳудий қириб юборилади. Немислар бундай қатлиомларни Европанинг бошқа давлатларини босиб олишда ҳам қилишган. Бундан умумий шундай хулоса чиқадики, Европадаги яҳудийларнинг озроқ қисми 1939 йилгача қочади. Қочмаганлар немислар томонидан ўлдирилади. Яъни иккинчи жаҳон уруши пайтида Фаластинга унча кўп яҳудий келмаган.

Яҳудийларнинг ўзи тартиб берган бошқа бир маълумотда 1933—1943 йиллар оралиғида Европадан қарийб 1 миллион яҳудий қочгани ёзилган. Улардан 200 минг нафари АҚШга, 120 минг нафари эса Фаластинга, қолганлар дунёнинг бошқа давлатларига кетган.

Исроил давлати ташкил этилгандан сўнг араб-яҳудий уруши бошланади ва унда яҳудийлар ғалаба қозонади. Шундан сўнг нафақат Европадан, балки бошқа жойларда, шу жумладан араб давлатларида яшаб келган яҳудийлар ҳам Исроилга кўча бошлайди.

Ўшанда кўчиб келган яҳудийларнинг биронтаси араблардан ер ёки уй-жой сотиб олмаган. Бунга ҳожат ҳам бўлмаган. Чунки Исроил уларни араблардан тортиб олинган ерларга жойлаштираверган.

Яҳудийларнинг Исроилга яна бир оммавий кўчишлари 1980 йиллар охиридан бошлаб, СССР парчаланиб кетганча ва ундан кейин содир бўлди. Ўшанда собиқ иттифоқдош республикаларда яшовчи 1,1 миллион яҳудий Исроилга кўчган.

Собиқ иттифоқдан борганларга ҳам фаластинликлар уй-жой ёки ер сотмаган. Уларнинг аксарияти араблардан тортиб олинган ерларга жойлаштирилган.

Иккинчи ёлғон — Исроил тинч яшаётган арабларни уйларини бузмаяпти. Фақат террорчиларнинг уйлари бузиляпти.

Ғарбликларга кўра Исроил тинч яшаётган биронта ҳам фаластинлик арабни уйини бузмаган. Бу давлат фақат террорчилик билан шуғулланаётган ва яҳудийларга хавф солаётган арабларнинг уйини бузмоқда. Бу ҳам Ғарб ОАВларининг навбатдаги бўҳтони ҳисобланади. Аслида эса Исроил 1948 йилдан буён фаластинликларнинг ерларини тортиб олади. Уларнинг уй-жойларини буздириб, ўрнига яҳудийлар учун турар жой қуриб келади.

Исроилга тегишли махсус техника фаластинликларнинг уй-жойини бузмоқда

Оқибатда, миллионлаб фаластинлик қочоққа айланган ва уларнинг аксарияти қўшни Ливан, Иордания, Сурия ва Миср ҳудудидаги вақтинчалик қўналғаларда яшамоқда.

Уй-жойларидан айрилган арабларнинг қолган қисми эса Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ва Ғазо секторида оғир шароитда яшашга мажбур бўляпти.

Биргина мисол, ҳозирда Ғазо секторида 2 миллиондан ошиқ одам яшаяпти ва унинг ҳудуди бор йўғи 360 километр квадрат ҳудудни эгаллайди.

Бугун Исроил умумий ҳисобда фаластинликларга тегишли бўлган ҳудуднинг қарийб 70 фоизини эгаллаб олган. Араблар Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторида бор йўғи 30 фоиз атрофида ҳудудини ўзида сақлаб турибди холос.

БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили Исроил ҳарбийлари фаластинликларнинг минглаб уйларини бузмоқда ва ўрнига яҳудийлар учун турар жой қурмоқда.

1967 йилдан буён Исроил биргина Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида 150 та аҳоли пункти ташкил этган. Умумий ҳисобда эса тортиб олинган араб ерларига миллионга яқин яҳудийларни жойлаштирган. Айримлар араб ерларига жойлаштирилган исроиллик яҳудийлар сони бундан ҳам кўплигини айтади.

Учинчи ёлғон — Фаластинлик қочоқлар қўшни давлатларда яшаб ҳам террорчилик қилишяпти. БМТ маълумотларига кўра бугун қарийб 6 миллион фаластинлик қочоққа айланган. Уларнинг асосий қисми қўшни давлатлар Сурия, Иордания, Ливан ва Мисрда яшайди. Қолганлар дунё бўйлаб тарқалиб кетган.

1947 йилда Фаластин иккига бўлинганда илк ноҳақлик БМТ томонидан қилинган ва 390 минг араб яшайдиган ҳудуд Исроилга бериб юборилган. Яҳудий давлати тузилгандан сўнг бошланган уруш оқибатида нафақат Исроилга берилган ҳудуддаги, балки Фаластин ҳудудидаги арабларнинг ҳам бир қисми қочоқларга айланади.

Биринчи уруш тугагандан сўнг Исроил ҳудудида бор йўғи 150 минг араб қолади. Қолган қарийб 250 минг одам Фаластиннинг арабларга берилган қисмига ёки қўшни давлатларга қочиб ўтади.

Фаластин ҳудудининг қисқариб келиши

1967 йилда бўлиб ўтган «Олти кунлик уруш»да фаластинлик араблардан яна 300 минг киши Иордания, Ливан ва Сурияга қочиб ўтади. Фаластинликлар ундан кейин ҳам қочоққа айланишда давом этишди.

Бугун Исроил Фаластин халқига қилаётган зўравонликларини хаспўшлаш учун арабларнинг ўзини, ҳатто қочоқларни ҳам қўшиб, террорчиликда айблайди.

Исроилнинг ноғорасига ўйнаётган Ғарб ОАВлари эса зўр бериб бу ёлғонни одамларга сингдиришга уриняпти ва қисман бунга муваффақ ҳам бўляпти.

Тўртинчи ёлғон – Фаластин деган давлат бўлмаган. 

Бугун Ғарб ОАВлари ва уларнинг таъсирига тушган одамлар тарихда Фаластин давлати бўлмагани ҳақида ёзишади. Тўғри, арабларнинг Фаластин давлати бўлмаган. Бироқ Фаластинни ҳам ўз ичига олган араб давлати бўлган.

Агар тарихга назар ташланса, сўнгги икки ярим минг йилликда Фаластин ҳудудида яҳудийлар давлати ёки Исроил деган давлат бўлмаган. Рим империяси ташкил топгандан сўнг ҳудуд римликлар қўл остига ўтган.
Ҳудудга Ислом дини тарқалгач асрлар давомида яҳудийларнинг асосий қисми дунё бўйлаб тарқаб кетган ва Фаластин ерларида араблар ҳукмронлик қилган.

Араблар давлати Фаластинни Усмонийлар империяси эгаллаб олганча давом этган. Агар масалага шу мантиқдан келиб чиқиб ёндашилса Фаластин ҳудудида давлат тузишга яҳудийлардан кўра араблар ҳақлироқ.

Таажжубланарлиси шундаки, Фаластин тупроғига кеча (яқин тарих назарда тутилмоқда) кўчиб келган яҳудийлар Ғарб ёрдамида давлат тузиб, тарихда Фаластин деган давлат бўлмаган деган гапни ушлаб олишган. Бу даъвони Ғарб ОАВлари эса дастак қилиб олиб юрибди.

Таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таъбири билан айтганда Фаластин давлати бўлмагандир, лекин унинг ҳудудида араблар бўлган. Шу ҳам катта нарсани англатади.

Бешинчи ёлғон – Фаластин давлати тузилишига арабларнинг ўзи қарши бўлган Ғарб ОАВ ларида Фаластин давлати тузилишига арабларнинг ўзи қарши бўлгани иддао қилинади. Улар бу гап билан 1948 йилда Исроил давлати тузилганда араблар ўз давлатини тузиш ўрнига яҳудийларга қарши уруш бошлаганига ишора қилишади. Бу ҳам бир муболағали ёлғон иддао.

1947 йил БМТ Фаластин ҳудудини иккига бўлган пайтда ва 1948 йилда Исроил давлати тузилганда араблар ўз давлатини тузишга қарши бўлмайди. Аксинча, улар арабларга тегишли ерларида яҳудий давлати ташкил этилишига қарши бўлишади.

Қолаверса, ўша қаршилик ҳам Фаластинда яшовчи араблардан кўра, унинг ҳудудига даъво қиладиган Сурия, Иордания ва Миср томонидан қилинган. Асло Фаластин араблари томонидан эмас.

Исроил ҳарбийлари Ал-Ақсо масжидида
stock.adobe.com

Ана шу уч давлат Фаластин ерлари ўзиники эканини даъво қилиб, Исроилга қарши уруш бошлашади. Улар енгилгач Исроил Фаластинда араб давлати тузилишига имкон бермайди ва бу ҳанузгача давом этиб келяпти.

Яъни умумий олганда Фаластинда араб давлатининг тузилишига бошдан бош Исроил тиш-тирноғи билан қарши бўлган. Уни коллектив Ғарб қўллаб-қувватлаяпти.

Агар 1948-49 йилларда бўлиб ўтган урушдан сўнг Исроил арабларга тегишли ерларни босиб олмаганда ва ўз армиясини эгаллаган ҳудудларидан олиб чиқиб кетганида аллақачон Фаластин давлати тузилган бўларди. Яҳудийлар бошқа ёлғонлари каби, ўзларининг босқинчилик ҳаракатларини хаспўшлаш учун “Араблар ўз давлатини қуришни хоҳламаган” деган гапни тарқатиб, оммани чалғитишда давом этиб келяпти.

Бугун дунёнинг кўплаб давлатлари етакчилари 1967 йилдаги чегаралар бўйича Фаластин давлатининг тузилса ва Исроил уни тан олса араб-яҳудий можароси ечим топиши ҳақида гапирмоқда. Бироқ Исроил буни эшитишни ҳам хоҳламаяпти ва АҚШ бошчилигидаги коллектив Ғарб яҳудийлар томонида.

Биргина мисол, бугун Фаластин мустақиллигини 138 та жумладан, Осиё ва Африканинг қарийб барча давлатлари, собиқ иттифоқ республикалари (Латвия, Литва ва Эстониядан ташқари) ҳамда Шарқий Европа давлатлари тан олган.

АҚШ, Канада, Мексика, Австралия, Британия, Франция, Испания, Португалия, Италия ва Ғарбий Европадаги бошқа давлатлар тан олмаган. Улар Фаластин араб давлатининг ўз ҳудудларига эгалик қилишини, БМТга тўлақонли аъзо бўлишини умуман хоҳлашмайди.

Исроилни энг кўп АҚШ қўллаб келмоқда. Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху
Фото: alamy.com

Яна бир мисол. 2011 йил 31 октябрда ЮНЕСКО умумий овоз бериш йўли билан Фаластинни ўз аъзолигига қабул қилади. Шундан сўнг АҚШ ЮНЕСКО ни молиявий қўллашни тўхтатади. Исроил эса уни қўллаб-қувватлади.

Бир неча йил давомида ЮНЕСКО га аъзолик бадалларини тўламаган АҚШ 2018 йилда, Трамп маъмурияти даврида ташкилотдан чиқиб кетади.

Шу ўринда савол туғилади: Фаластин ЮНЕСКО га тўлақонли аъзо қилиб олинса, бундан АҚШ манфаатларига қандай зарар етади?

Гап шундаки, ЮНЕСКО Исроилни Фаластиннинг бир қисмини босиб олган босқинчи давлат деб ҳисоблайди. АҚШга ЮНЕСКО нинг мана шу позицияси ёқмайди ва Исроилнинг тарафини олиб, ЮНЕСКО билан келишмовчиликка борди.

Ана шундай вазиятда Фаластиннинг ЮНЕСКО аъзоси бўлишини ҳазм қилолмаган АҚШ араб давлатининг БМТга аъзо бўлишини мутлақо хоҳламайди ва бунга имкон ҳам бермайди.

Иккинчи томондан эса Ғарб ОАВлари олчоқларча бошқа ёлғонларга қўшиб, “Араб давлати тузилишига арабларнинг ўзи қарши бўлган” деган ёлғонни тарқатишда давом этмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Тошкентданман. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаганман. 20 йилдан бери журналистика соҳасидаман. “Дарё”да 2022 йилдан бери ишлайман. Ҳозирда Таҳлил ва таржима бўлми бошлиғиман. Ёқтирган киноим: "Баламут". Китоблардан эса Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари ёқади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар