Daryo

Хитой Тайван атрофида ҳарбий машғулотлар бошлади (видео)

Пекин орол раҳбарини “паразит” деб атади. Тайван ер усти ракета тизимларини шай ҳолатга келтирди

2 дақиқа ўқиш3 256 кўришлар0 изоҳ0

Хитой Тайван мустақиллиги тарафдорлари учун “жиддий огоҳлантириш” сифатида орол атрофида ҳарбий машғулотлар бошлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Фото: Global Look Press

Машғулотларда барча қўшин турлари, жумладан, армия, флот, авиация ва ракета кучлари иштирок этмоқда. Тайван Мудофаа вазирлигига кўра, 1 апрель куни орол яқинида Хитойнинг 19 та ҳарбий кемаси қайд этилган. Шунингдек, “Шандун” кемаси бошчилигидаги авиаташувчилар гуруҳининг фаоллиги кузатилган.

Хитой кемалари Тайваннинг ҳарбий жавоб ҳудудига кирган. Ушбу ҳудуд Тайван бўғозининг маркази ва оролнинг шарқий ҳаво мудофаа чегараси орасида жойлашган.

Машғулотларда асосий эътибор денгиз ва ҳавода жанговар шайликни текшириш, ҳар томонлама назоратни қўлга олиш, денгиз ва қуруқликдаги нишонларга зарбалар бериш, муҳим ҳудудлар ва йўналишлар устидан назорат ўрнатишга қаратилган, дейилади хабарда.

Машғулотлар акс этган видеоларда Тайван президенти Лай Синдзе “паразит” деб аталган. Кадрлардан бирида у ёнаётган Тайван устида таёқчаларда ушлаб турилган анимацион қўнғиз кўринишида тасвирланган. Бошқасида эса бутун орол бўйлаб паразитларни кўпайтирадиган қўнғиз кўринишида.

Паразит Тайван оролини заҳарламоқда. Паразит оролни вайрон қилмоқда. Паразит узил-кесил йўқ қилишга интилади, дейилади анимацияда.

Тайван мудофаа вазири Веллингтон Ку Хитойнинг бундай риторикаси тинчликка ҳисса қўшмаслигини ва “уларнинг провокацион хусусиятини кўрсатишини” айтди. У журналистларга берган изоҳида Хитой минтақадаги тинчлик ва барқарорликни бузиш ўрнига ўзининг коррупция билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга эътибор қаратиши кераклигини қўшимча қилди.

Тайван Мудофаа вазирлиги 1 апрель куни Хитойнинг хатти-ҳаракатларига жавобан ҳарбий самолёт ва кемаларга тегишли топшириқлар бериб, ер усти ракета тизимларини ишга туширганини эълон қилди.

Хитой Тайванни ўз ҳудудининг бир қисми сифатида кўради ва мустақиллик расман эълон қилинган тақдирда куч ишлатишни истисно қилмайди.

Биз мустақиллик эълон қилмаймиз, чунки Тайван аллақачон мустақил давлат, дея таъкидлади Тайван президенти Лай Синзде.

Хитой расмийлари, ўз навбатида, Тайван билан қайта бирлашиш йўлидан бораётганини айтмоқда.

Хитойнинг Тайван масаласини ҳал қилиш ва бирлашувга эришиш истаги қоядек мустаҳкам, деган Хитойнинг орол ишлари бўйича идораси расмий вакили Чжу Фенлян.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар