Daryo

Европа уруш эҳтимолига озиқ-овқат ғамлашга чақирди

Фуқаролар камида 72 соат давомида ўзгаларнинг ёрдамисиз омон қолишини таъминлаши керак

1 дақиқа ўқиш6 372 кўришлар0 изоҳ0

Еврокомиссия аҳолини турли инқирозли сценарийларга, жумладан, ҳарбий можарога тайёрланишни тавсия қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Фото: Fortune

Тегишли ҳужжатга кўра, сув, дори-дармон, ўт олдиргич (“зажикгалка”), гугурт, фонар, қувватлагичлар, иссиқ кийим-кечак ва сифати тез бузилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотларини ўз ичига олган минимал захирани яратишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Ушбу тўплам инсон камида 72 соат давомида ўзгаларнинг ёрдамисиз омон қолишини таъминлаши керак.

Стратегия фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича 30 та аниқ чорани ўз ичига олади. 17 саҳифалик лойиҳага кўра, бу чораларнинг тўлиқ бажарилиши Европа иттифоқига (ЕИ) турли таҳдидларни самарали бошқаришга имкон беради.

Таъкидланишича, Европа COVID-19 пандемияси ва Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин доимий тайёргарлик ҳолатида қолмоқда, бундан ташқари, табиий офатлар ва молиявий инқирозлар хавфи сақланиб қолмоқда. Гуманитар ёрдам ва инқирозларни бошқариш бўйича комиссар Хаджа Лахбиб таҳдидлар тобора ортаётганини айтди.

Стратегияда касалхоналар, мактаблар, транспорт ва алоқа тизимларининг оғир шароитларда ишлашини таъминлаш учун минимал тайёргарлик стандартлари белгиланган.

Шунингдек, ЕИ инқирозларни бошқариш учун махсус координация маркази яратишни режалаштирмоқда. У давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни яхшилайди ва ЕИнинг фавқулодда вазиятларга жавоб берувчи бош маркази бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, иттифоқ муҳим ресурслар — дори-дармонлар, хом ашё ва энергия ускуналарининг захираларини кўпайтиришни ҳам режалаштирмоқда.

Стратегиянинг мақсади — ЕИга аъзо 27 давлатда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини тенглаштириш. Чунки ҳозирча бу борада катта тафовутлар мавжуд. Масалан, Испания 2024 йилги сув тошқинларидан сўнг табиий офатларга қарши чораларни кучайтирган, Болтиқбўйи давлатлари эса киберхавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш устида ишламоқда.

Ҳужжат турли “заиф нуқталарни” бартараф этишга қаратилган бўлиб, ЕИ бўйлаб ягона стандартлар ва умумий захираларни яратишни кўзда тутади. Гарчи стратегияда янги мудофаа ташаббуслари бўлмаса-да, у Шимолий Европа тажрибасидан олинган инқирозларни бошқариш моделини таклиф қилади. Бу ёндашувда жамиятнинг барча қатламлари — фуқаролар, бизнес, ҳарбийлар ва ҳукуматлар иштирок этади.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар