Daryo

Трамп Байденнинг болаларини давлат қўриқчиларидан маҳрум қилди

АҚШ раҳбари собиқ президент томонидан чиқарилган афв ҳукмларини бекор қилмоқчи. Байден президентликдан кетар чоғида ўғлини афв этганди

1 дақиқа ўқиш11 387 кўришлар0 изоҳ0

АҚШ раҳбари Дональд Трамп ўзидан олдинги президент Жо Байденнинг фарзандларини давлат қўриқчиларидан маҳрум қилди. У бу ҳақда ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

Фото: Getty Images
Бугундан бошлаб Ҳантер Байден Махфий хизмат ҳимоясидан маҳрум бўлади. Шунингдек, 13 нафар агент қўриқлаётган Эшли Байден ҳам рўйхатдан чиқарилади, деб ёзди Трамп.

АҚШ президентининг маълум қилишича, Ҳантерни шу пайтгача 18 нафар агент қўриқлаган. Хавфсизлик хизмати ходимларига маош солиқ тўловчилар ҳисобидан тўланган.

АҚШ Махфий хизмати федерал агентлик бўлиб, Ички ишлар вазирлиги таркибига киради. У АҚШ президенти ва вице-президенти, уларнинг оила аъзолари, шунингдек, қароргоҳларини қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш вазифасини бажаради.

Одатда Махфий хизмат президент ўз лавозимини тарк этгач, унинг вояга етган оила аъзоларини қўриқлашни тўхтатади. Фақат собиқ раҳбарлар ва уларнинг турмуш ўртоқлари умрбод қўриқланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бироқ январь ойида ваколатини топширишдан олдин Байден ўзининг вояга етган фарзандлари учун Махфий хизмат қўриқловини июлгача узайтириш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Трамп ҳам биринчи муддатдан сўнг лавозимини тарк этишидан олдин вояга етган фарзандлари — кичик Дональд, Иванка, Эрик, Тиффани ва уларнинг икки турмуш ўртоғини қўриқлашни олти ойга узайтирган эди.

Ваколатини топширишдан олдин Байден ноқонуний қурол сақлаш ва солиқ қонунчилигини бузганликда айбланган ўғлини ҳам афв этган. Бироқ АҚШнинг амалдаги раҳбари собиқ президент томонидан чиқарилган барча афв ҳукмларини яроқсиз деб эълон қилмоқчи.

Уйқучи Жо томонидан Вакиллар палатасининг махсус қўмитаси аъзоларига берилган афв этишлар тўғрисидаги фармонлар қонуний кучга эмас, чунки улар автоматик имзолаш қурилмаси ёрдамида тайёрланган, деган Трамп.

Унинг таъкидлашича, Байден бу ҳужжатларни имзолашга розилик бермаган. Аввало, гап 2021 йил 6 январда Капитолийга бостириб кириш воқеаларини тергов қилган махсус қўмита аъзолари учун берилган афв ҳақида бормоқда. Энди Трамп ушбу қўмита аъзоларига нисбатан тергов бошлашини эълон қилди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар