Германия қуроллари юқори сифати ва мураккаб тузилиши билан ажралиб турган. Буларнинг бари немисча интизом билан қўшилиб, вайронкор уруш машинасининг асосини ташкил қилди. Учинчи рейх Франциядек қудратли империяни қисқа вақтда тиз чўктиргани, нисбатан кам сонли бўлишига қарамай, Иккинчи Жаҳон урушида Қизил армияга мисли кўрилмаган талафот етказгани буни тасдиқлайди.
Бироқ икки фронтда жанг қилиш Берлин учун қимматга тушди. Ресурслар тақчиллиги сифат устунлигидан тўла фойдаланишга имкон бермади. Шунга қарамай, Германия кучли қаршилик кўрсатди. Немис муҳандисларининг лойиҳалари урушгача иттифоқчилар зиёнига ишлаган бўлса, урушдан сўнг улар манфаатига хизмат қилиб, АҚШ ва Собиқ Иттифоқ ҳарбий технологияларининг ривожига мисли кўрилмаган ҳисса қўшди.
Карл-Герат ўзиюрар миномёти, “Шверер Густав” гигант замбараги, Панзер VIII Маус танки, V-1 (Фау-1) қанотли ракетаси, V-2 (Фау-2) баллистик ракетаси, Меssеrschmitt Ме 262 реактив қирувчи самолёти ва Horton Ho 229 бомбардимончилари шулар жумласидан.
Карл-Герат
Иккинчи Жаҳон уруши ҳақидаги тасаввурларнинг аксарияти танклар билан боғлиқ ҳолда гавдаланади. Бироқ жанглардаги талафотларнинг 70-80 фоизи артиллерия, хусусан миномётлар ёрдамида етказилган. Уларнинг аксарияти пиёда бўлинмалар томонидан қўлланилган бўлиб, Карл-Герат анъанавий миномётлардан яққол ажралиб турарди. У 600 мм калибрли снарядлардан фойдаланган. Бу стандарт ўқ-дорилардан юзлаб баробар йирикроқ эди.
Карл-Герат Германиянинг Rheinmetall компанияси томонидан 1940–1945 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган. Миномёт оғирлиги 125 тоннани ташкил қилади. Шу боис уни темир йўл рельслари ёхуд махсус гусеница механизми орқали ҳаракатлантиришган. Қуролни бошқариш учун қарийб 30 кишилик экипаж тақозо қилинарди.
Карл-Герат икки тонна оғирликдаги снаряд билан максимум 10 километр масофадаги истеҳком ва қалъаларни вайрон қилиши мумкин эди. Қолаверса, у психологик қурол вазифасини ҳам бажарган.
Германия армияси миномётдан 1941 йили Киевни эгаллаш ва 1944 йил Варшава қўзғолонини бостиришда фойдаланди. Бироқ мобил бўлмагани, ўқ отиш масофасининг қисқалиги каби омиллар сабаб жангларда айтарли самара кўрсатмаган.
Счwерер Густав
Карл-Герат ўзининг икки тонна оғирликдаги снаряди билан жанг майдонида ваҳима қўзғатган бўлса, олмон муҳандислари ишлаб чиққан яна бир замбарак бундан анча қудратлироқ эди. “Шверер Густав” нафақат Германия, балки тарихдаги энг йирик артиллерия қуроли ҳисобланади.
Аввалига уни французларнинг Мажино мудофаа чизиғига қарши қўллаш режа қилинганди. Бироқ 1350 тонна оғирликдаги баҳайбат замбарак 1942 йилга келибгина жангга тайёр бўлди.
Уни ўша йилнинг 5 сентябрь куни Севастопол мудофаачиларига қарши қўллашди. Етти тонна оғирликдаги снаряд ўзининг вайронкор кучи билан мисли кўрилмаган талафот етказди.
“Шверер Густав” қалъа деворларини парчалаб, ер ости бункерларига қадар тупроққа қориштириши мумкин эди. Ўт очиш масофаси Карл-Гератдан ўн баробар узоқроқ – қарийб 50 километрга етган.
Бироқ қуролни бир позициядан бошқасига кўчириш учун темир йўл рельслари, махсус техникалар ва юзлаб ишчи кучи талаб қилинар, бу эса бир неча кундан ҳафтага қадар вақт оларди. Шу боис қурол кутилганидек самара бермади. Бу ундан воз кечиб, дунёдаги энг йирик замбаракни тарих қарига улоқтириш учун сабаб бўлди. Кейинроқ иттифоқчилар қўлига тушишидан қўрқиб, уни йўқ қилишди.
Панзер VIII Маус
Танклар Вермахт ҳарбий стратегиясининг марказида эди. Улар блицкриг тактикасининг асосий зарбдор элементи, яъни пўлат мушт вазифасини бажарган. Панзер VIII Маус уларнинг орасида ўзининг баҳайбат ҳажми билан ажралиб туради. Ўз вақтида уни ҳаракатланувчи бункер деб аташган.
188 тонна оғирликдаги зирҳли машина ўша давр учун фавқулодда йирик ҳисобланган 128 мм калибрли тўп билан жиҳозланганди. Танкнинг олд томонидаги зирҳ қалинлиги 24 см, ёнларида эса 20 см гача борган.
Ўша даврда мавжуд танк ва артиллерия қуроллари Маус зирҳига қарши самарасиз эди. Бироқ у жангларда бирор марта ҳам қатнашмаган. Сабаби, оғир вазн сабаб Европа кўприклари ва ботқоқларидан ўта олмасди.
Қолаверса, ёқилғи сарфи ҳам жуда юқори эди. Шу боис атиги иккита прототип ишлаб чиқилган. Биринчиси қуроллантирилган бўлса, бошқаси ҳали тўлиқ битмаганди ҳам. Кейинроқ ҳар икки прототип советлар томонидан ўрганиш учун олиб кетилди.
Дарвоқе, Маус танкини ишлаб чиққан компания ҳозир дунёнинг энг машҳур автомобиль брендларидан бири ва у ўз ўтмиши ҳақида гапиришни унча хуш кўрмайди. Гап Porsche ҳақида боряпти.
Фау-1 (V-1)
Луфтваффе Британия осмони учун жангларда Қироллик ҳаво кучларига мағлуб бўлди. Шундан сўнг Германия бомбардимончи самолётларининг Лондон, Ливерпуль ва Манчестер каби шаҳарларга рейдлари якунланди.
Бу инглизлар учун бир оз тин олиш имконини берган бўлса-да, тинчлик узоққа чўзилмади. 1944 йилга келиб ҳаво ҳужумлари яна тикланди. Бу сафар мутлақо янгича восита билан.
Германия тарихда илк бор қанотли ракетадан фойдаланди. У йўналишни гирокомпас асосида ишловчи инертиал навигация тизими орқали белгилаб, 250 километр масофадаги нишонларга зарба бера оларди.
Парвоз тезлиги 640 км/соатни, портлаш қуввати эса 850 кг тротил эквивалентини ташкил қилган. Уни қуруқлик, самолётлар ва ҳатто сувости кемаларидан ишга тушириш мумкин эди.
Ракета аниқлик борасида мақтана олмаган. Фау-1 нишондан 4-5 километр оғишиб кетиши мумкин эди. Шу боис уларни фронтда эмас, балки Лондон каби аҳоли гавжум шаҳарларга қарши қўллашган.
Гитлер уни “Қасос қуроли” деб атарди. Чунки иттифоқчилар томонидан Германия шаҳарларига ёғдирилган бомбаларга бошқа йўл билан жавоб қайтариб бўлмасди.
1944 йилнинг 13 июнь куни Фау-1 ракетаси билан Британия пойтахтига илк бор зарба берилди. Умуман олганда, Германия бутун уруш давомида бундай қуролдан 30 мингта ишлаб чиқарди. Уларнинг 10 мингтаси нишонга етиб борган бўлса, қолганлари зенит қуроллари, қирувчи самолётлар томонидан уриб туширилди ёхуд техник носозлик сабаб кўзланган мақсадга эриша олмади.
Урушнинг охирги йилига келиб, иттифоқчилар томонидан кўрилган ҳимоя чоралари қарийб 90 фоиз самарадорликка чиқди. Шунга қарамай, янгича қурол 6 мингга яқин британияликнинг ёстиғини қуритди.
Фау-2 (V-2)
Иттифоқчилар Фау-1 ракетасининг самарадорлигини камайтириш йўлини топган бўлса, Фау-2 билан амалда бунинг имкони йўқ эди. Боиси у 5700 км/соат тезликда парвоз қилиб, 80-90 километр баландликка кўтарилган. Бу ракетани ер атмосферасининг юқори қатламига чиққан илк технологияга айлантирди.
12,5 тонна оғирлик ва 14 метр узунликдаги ракета илк бор 1944 йилнинг сентябрь ойида қўлланилди. Дастлабки нишон, табиийки, Лондон бўлди.
Германия бутун уруш давомида иттифоқчиларга қарши 3 мингдан ортиқ Фау-2 учирди. Ҳар бири минг килограмм тротил эквивалентига тенг портловчи модда ташигани боис, улар етказган талафот анча даҳшатли бўлди. Бу ўн мингга яқин инсонлар, асосан тинч аҳолининг ёстиғини қуритди.
Ўша даврларда GPS ва сунъий йўлдош технологиялари бўлмагани боис Фау-2 нинг навигация тизими анчайин содда эди. Бу аниқлик кўрсаткичининг 10 километргача тушиб кетишига сабаб бўлган. Яни шаҳарнинг бир четига учирилган ракета бошқа бурчагига келиб тушиши мумкин эди.
Шунга қарамай, Фау-2 замонавий ракетасозлик йўлидаги дастлабки дадил қадам эди. Урушдан сўнг АҚШ унинг технологиясидан фойдаланиб, Сатурн V ракетасини қурди. Советлар эса машҳур Сcуд баллистик ракеталарини Фау-2 асосида ишлаб чиқди.
Мессерсчмитт Ме 262
Ольмон фалсафаси мураккабликни севади, сифатни қадрлайди. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида ишлаб чиқилган ва хизматга кирган илк реактив жанговар самолёт Messerschmitt Me 262 буни тасдиқлаши мумкин.
У ўзининг юқори тезлиги, илғор дизайни ва қуроллари билан авиация соҳасида мутлақо янги саҳифа очди. Қирувчига илк бор дуч келган инглиз учувчиларини ҳайрат чулғаб олганди.
Улар самолётни таъқиб қилиб бўлмаслигидан ва парраклари йўқлигидан ажабланишган.
Самолёт узунлиги 10,6 метрни, қанотлари кенглиги эса 12,5 метрни ташкил қилган. Максимал тезлиги 870 км/соатга етиши мумкин эди. У Қўшма Штатларнинг ўша вақтдаги энг тезкор қирувчиси Mustangдан 24 фоизга тезроқ парвоз қилган.
Самолётни бир жуфт Жункерс Жумо 004Б реактив двигателлари ҳавога кўтарган. 30 мм калибрли МК 108 автоматик қуроли эса ҳаво жанглари ва душман бомбардимончи самолётларини уриб туширишга хизмат қиларди.
Бироқ Ольмониянинг аввалги жаҳон урушидаги мағлубиятига сабаб бўлган омил бу сафар ҳам ўз сўзини айтди. Ресурслар тақчиллиги боис самолёт талаб қилинганидан анча кам – 1430 та ишлаб чиқарилди.
У ҳаво жангларини 1944 йил ўрталарида бошлаган бўлса-да, уруш якунига қадар иттифоқчиларнинг 540 дан ортиқ учоғини уриб туширди.

Бироқ осмонда нима юз бермасин, қуруқликда Германиянинг аҳволи анча ёмонроқ эди. Ме 262 ўзига юклатилган вазифани бажариб, рақибларидан анча устунлигини намойиш қилди. Аммо унинг имкониятлари уруш тақдирини ўзгартириш учун етарли эмасди.
Урушдан сўнг самолёт технологиясидан фойдаланиб, советлар ўзининг Як-15 ва Су-9 самолётларини, америкаликлар эса Ф-86 Сабре қирувчиларини ишлаб чиқди. Шундай қилиб, Ме 262 реактив авиация соҳаси учун музёрар вазифасини бажариб берди.
Horton Ho 229
Қўшма Штатларнинг Б-2 Spirit стратегик бомбардимончиси футуристик дизайни билан ҳатто ҳозир ҳам кўпчиликни ҳайратга солади. Бироқ Германия муҳандислари худди шунга ўхшаш лойиҳа устида бундан анча олдин бош қотиришган.
Horten Ho 229 ўз даври учун мутлақо янгича технологик ёндашув эди. Боиси самолёт узоқ масофага юқори тезликда парвоз қилар ва энг муҳими, радарларда кўринмаслик учун мосланган эди. Учоқ тузилиши ва ёғочдан ясалган қисмлари айни шунга хизмат қилган.

У Ҳерман Герингнинг “учта минг” схемаси сабаб дунёга келган. Кўрсатмага биноан, Луфтваффе учун минг килограмм юк билан минг километр масофага минг км/соат тезликда парвоз қила оладиган бомбардимончи ишлаб чиқиш керак эди. Реактив двигателга эга илк прототип 1945 йил бошларида синовдан ўтказилди.
Бироқ фашистлар ҳокимияти қулагач, жараён охирига етмай қолди. Шу боис тарихдаги илк реактив бомбардимончи самолёт бирорта ҳам жанговар миссия бажаришга улгурмади.

Германия муҳандислари ўз асридан илгарилаб кетганди. Уларнинг баъзи ишланмаларини кўриб, фантастик фильмлар ёдга тушади. Минг тонна оғирликдаги супер танк, суборбитал бомбардимончи, шунингдек, вақтни бошқаришга оид тажрибалар. Булар энди алоҳида мавзу.








