Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати илк бор жанглар тугагандан сўнг Исроил ҳарбийларининг Ғазода вақтинча қолишига имкон берувчи келишувга рози бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Американинг The Wall Street Journal (WSJ) нашри воситачиларга таяниб хабар берди.
Нашр суҳбатдошларига кўра, гап Исроилнинг Филаделфия коридорида (Миср ва Ғазо чегарасидаги участка) ва Нетзарим йўлагида (Ғазо ва Исроил чегарасидан Ўрта Ер денгизигача бўлган зона) мавжудлиги ҳақида бормоқда. ҲАМАС ҳам Рафаҳ ўтиш жойининг Фаластин томонига ўз кучларини жойлаштирмасликка рози бўлди.
Аввалроқ таклиф доирасида ҲАМАС Ғазодаги гаровга олинганлар рўйхатини топширган эди, улар ўт очишни тўхтатиш келишуви асосида озод қилиниши режалаштирилган. Манбага кўра, Исроил ва Фаластин ҳаракати икки ойлик сулҳ муддатини муҳокама қилмоқда, бу муддат давомида 30 нафаргача гаровга олинганлар озод қилинади. Бунга жавобан Исроил томони фаластинлик маҳбуслар гуруҳига амнистия қўллаши ва анклавга инсонпарварлик ёрдамини кўпайтиришга рухсат бериши керак бўлади.
WSJ манбалари, шунингдек, АҚШнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан “келишувни илгари суриш” учун яқин кунларда Исроил, Миср ва Қатарга ташриф буюришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди.
Жорий йилнинг декабрь ойи бошидан бери ҲАМАС ҳамда Исроил ўртасида музокаралар фаоллашди: Қатар бир ой олдин воз кечган воситачи ролига қайтди. Исроил расмийлари сулҳ ва гаровга олинганларнинг озод этилишига олиб келиши мумкин бўлган “интенсив дипломатик жараён” ҳақида хабар берган. Исроилнинг сўнгги маълумотларига кўра, ҲАМАС ва унинг иттифоқчилари 100 кишини гаровда ушлаб турибди. Ҳаракатнинг даъво қилишича, анклавда сақланаётган камида 33 киши ҳалок бўлган, яна бир қанча гаровга олинганлар бедарак йўқолган.








