Daryo

Самарқандда туғилган Рустем Умеров Украина мудофаа вазири бўлади

Зеленский амалдаги мудофаа вазири Алексий Резников истеъфога чиқишини эълон қилди ва унинг ўрнига Рустем Умеров номзодини таклиф қилди

1 дақиқа ўқиш60 980 кўришлар1 изоҳ0

Алексий Резников Украина мудофаа вазири лавозимини тарк этади. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский 3 сентябрь куни кечки мурожаатида айтиб ўтди.

Алексий Резников
Фото: Global Look Press

Зеленский Резниковнинг ўрнига мудофаа вазири лавозимига ҳозирда Украина Давлат мулки жамғармасига раҳбарлик қилаётган Рустем Умеровни тайинлашни таклиф қилди.

“Мен Украина мудофаа вазирини алмаштиришга қарор қилдим. Алексей Резников 550 кундан ортиқ кенг кўламли урушни бошдан кечирди. Мен вазирликка янги ёндашувлар, шунингдек, ҳарбийлар ва умуман жамият билан ўзаро муносабатларнинг бошқа шакллари керак, деб ҳисоблайман. Ҳозир вазирликка Рустем Умеров раҳбарлик қилиши керак. Мен парламентдан бу номзодни қўллаб-қувватлашини кутаман”, — деди Зеленский.
Рустем Умеров
Фото: “Вести.уа”

Рустем Умеров – келиб чиқиши мусулмон қрим-татар бўлган украиналик тадбиркор. Унинг оиласи 1944 йилда Қримдан Марказий Осиёга кўчириб юборилган. Умеров 1982 йил Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган. 1980 йиллар охирида қрим-татарларни ватанига қайтариш бошланганида, Умеровлар оиласи Қримга қайтишга муваффақ бўлган.

У “Қрим татарлари жамияти” жамоат ташкилотининг асосчиларидан бири, шунингдек, қрим-татар халқи етакчиси Мустафо Жемилевнинг маслаҳатчиси бўлган. 2019 йилда Умеров Олий Рада депутати бўлди. У 2022 йилдан бери Украина Давлат мулки жамғармасини бошқариб келади.

Алексий Резников 2021 йил ноябридан бери Украина Мудофаа вазирлигини бошқариб келаётган эди. Резниковнинг истеъфога чиқиши ҳақидаги маълумотлар биринчи марта 2023 йил бошида Украинада коррупция можаролари туфайли бир неча юқори мартабали амалдорлар, жумладан, мудофаа вазири ўринбосарлари ишдан бўшатилиши ортидан пайдо бўлди.

Украина мудофаа вазирининг алмаштирилиши ҳақидаги бошқа хабарлар 2023 йил августида тарқалди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар