Daryo

Ироқ Швеция элчисини мамлакатдан ҳайдади

Ироқ агар Қуръон яна ёқиб юборилса, Швеция билан дипломатик алоқаларни узишини таъкидлади

1 дақиқа ўқиш17 462 кўришлар0 изоҳ0

Ироқ Швециянинг Бағдоддаги элчисидан мамлакатни тарк этишни талаб қилди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Бағдоддаги Швеция элчихонаси олдидаги намойишчилар
AP Photo

Қарор Стокгольмда Қуръонни ёқиш режаларига қарши юзлаб одамлар Бағдоддаги Швеция элчихонасига бостириб кириб, уни ёқиб юборганидан сўнг қабул қилинди. Ироқ Швецияга Қуръон яна ёқиб юборилса, дипломатик алоқаларни узиш билан таҳдид қилди.

Швеция Ташқи ишлар вазирлиги барча элчихона ходимлари хавфсизлигини таъкидлаб, ҳужумни қоралаб, Ироқ расмийлари дипломатик миссияларни ҳимоя қилиши зарурлигини билдирди. Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳужумни кескин қоралади.

“Ироқ ҳукумати ваколатли хавфсизлик органларига воқеа ҳолатларини ва ушбу ҳаракатнинг айбдорларини аниқлаш ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун зудлик билан тергов ўтказиш, зарур хавфсизлик чораларини кўришни топширди”, — дейилади ТИВ баёнотида.

Бироқ Ироқ ҳукуматининг янги баёнотида агар Қуръон иккинчи марта ёқиб юборилса, Швеция билан дипломатик алоқалар узилиши таъкидланади.

“Ироқ ҳукумати Швеция ҳукуматини дипломатик каналлар орқали швед тупроғида Қуръони Каримнинг ёқиб юборилиши билан боғлиқ ҳодисанинг ҳар қандай такрорланиши дипломатик муносабатларни узишни талаб этиши ҳақида хабардор қилди”, — дейилади баёнотда.

28 июнь куни Стокгольмда ироқлик эркак Қуръонни ёқиб юборди. Бағдод Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, “салбий” оқибатларидан огоҳлантирди ва бу акциянинг “сўз эркинлигига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини” таъкидлади. Туркия ҳодисани “исломга қарши ҳаракат” деб атади, Марокаш эса ўз элчисини мамлакатдан чақириб олишга қарор қилди. “Толибон” Қуръон ёқилишига жавобан Швециянинг Афғонистондаги муассасалари фаолиятини тақиқлади.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар