Daryo

Сайёранинг энг бадавлат инсони Илон Маск 2021 йилда 11 млрд доллар солиқ тўлайди

Ҳозирда Forbes’нинг рейтингида Маскнинг бойлиги 237 миллиард долларга баҳоланмоқда

1 дақиқа ўқиш31 540 кўришлар0 изоҳ0
Foto: AP Photo

Америкалик бизнесмен, Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали 2021 йил якунлари бўйича 11 миллиард доллар солиқ тўлашга тайёрланаётганини маълум қилди, деб хабар беради Meduza.

Фото: AP Photo

13 декабрь куни, Time журнали Илон Маскни йил одами дея эълон қилганида демократ-сенатор Элизабет Уоррен Twitter орқали «йил одами ростдан ҳам солиқларни тўлаши ва бошқаларнинг бўйнида ўтиришни бас қилиши учун» АҚШнинг мураккаб солиқ қонунчилигини ўзгартиришга чақирганди. Уоррен — бадавлат америкаликлар учун солиқларни ошириш тарафдори.

Ноябрь ойида Маск Twitter ижтимоий тармоғи орқали сўровнома ўтказиб, ўзига тегишли Tesla компаниясининг 10 фоиз акцияларини сотиш ёки сотмаслик билан қизиққанди. У ўзининг бу саволини сўнгги вақтларда «реализация қилинмаган фойда солиқ тўлашдан бўйин товлаш воситаси» экани ҳақида кўп гапирилаётганини билан изоҳлаган. Сўров иштирокчиларининг аксарияти сотув ғоясини қўллаб-қувватлаган. Шундан сўнг, Маск бир неча ҳафта ичида 14 миллиард долларлик акцияларни сотган.

2021 йилда Илон Маск Tesla акцияларининг қимматлашуви фонида сайёранинг энг бадавлат инсонига айланди. Ноябрь ойида у бойлиги 300 миллиард доллардан ошган биринчи инсон бўлди. Ҳозирда Forbes’нинг рейтингида унинг бойлиги 237 миллиард долларга, Bloomberg’никигида эса 243 миллиардга баҳоланмоқда.

Илон Маск ва бошқа кўплаб бадавлат инсонлар оддий америкаликларга қараганда камроқ солиқ тўлайди, чунки улар кўпчилик фойдалана олмайдиган солиқлардан қочиш стратегиясидан фойдаланади. ProPublica нотижорий журналистик ташкилоти маълумотларига кўра, Илон Маскнинг ҳақиқий солиқ ставкаси 3,27 фоизни ташкил этади. Йиллик даромади 70 минг доллар бўлган оддий америкаликларники 14 фоиз. Энг паст «реал ставка» эса Berkshire Hathaway бош директори Уоррен Баффеттда — 0,1 фоиз.

Мавзуга доир: Трамп ва Маск АҚШда «миллиардерлар солиғи» жорий этилишига қарши чиқди

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар