Daryo

Хитой беш йил ичида биринчи марта орбитага космонавтларини учирди (видео)

Хитойнинг «Шэньжчоу-12» бошқарилувчи кемаси ортилган элтувчи ракетаси Хитой Халқ Республикасининг айни пайтда қурилаётган орбитал станциясига учирилди, кема бортида уч нафар космонавт бор

1 дақиқа ўқиш22 486 кўришлар0 изоҳ0
Foto: Reuters

Хитойнинг «Шэньжчоу-12» бошқарилувчи кемаси ортилган элтувчи ракетаси Хитой Халқ Республикасининг айни пайтда қурилаётган орбитал станциясига учирилди, кема бортида уч нафар космонавт бор. Парвоз трансляцияси Хитой Марказий телевидениеси томонидан намойиш этилди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

Ракета 17 июнь куни маҳаллий вақт билан 09:22 да (Тошкент вақти билан 06:22) Хитой шимоли-ғарбидаги Цзюцюань космодромидан учирилди. Кейинроқ «Шэньчжоу-12» кемаси Ерга яқин орбитага муваффақиятли  етиб олгани хабар берилди.

Кема станциянинг асосий модулига туташиб, станциянинг асосий бўлмаси ва май охирида учирилган «Тянчжоу-2» юк кемаси билан умумий конструкция ҳосил қилиши керак. Шундан кейин космонавтлар «Тяньхэ» бўлмасига ўтиб, у ерда уч ой давомида атроф-муҳит параметрларини назорат қилиш, ускуналарнинг функционал характеристикаларини текшириш, шунингдек, кемадан ташқаридаги фаолиятни амалга ошириш, шу жумладан, модуль ташқарисидаги космик маконда таъмирлаш ишларини бажариш билан шуғулланади. Экипаж Ерга сентябрда қайтиб келувчи капсула бортида етиб келади.

«Шэньжчоу-12»нинг учирилиши Хитойнинг 2016 йилдан буён биринчи бошқарилувчи миссияси бўлди. 2016 йил октябрда Сзюсюань космодромидан бортида икки нафар экипаж аъзоси бўлган «Шенчжоу-11» бошқарилувчи космик кемаси учирилган эди.

«Тяньхэ» — Хитойнинг учинчи орбитал станцияси. Модулда космонавтлар яшайди, назорат ва бошқарув маркази ҳам ўша ерда жойлашади. Хитойнинг янги станцияси 2022 йилга келиб ишга туширилади. Бундан аввалги орбитал станция — «Тяньгун-2» 2016 йил сентябрида, биринчиси — «Тяньгун-1» эса 2011 йилда орбитага чиқарилган. 2019 йил мартида «Тяньгун-2» орбитадан олиб кетилиб, чўктириб юборилган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар