Daryo

Бойкот нега бойкот дейилади? Сиёсий бош тортиш тарихини эсга оламиз

1880 йил 11 ноябрда тарихдаги биринчи бойкот эълон қилинди. Бойкот «дунёга келган» кун муносабати билан «Дарё» атама тарихи ҳақида ҳикоя қилади

4 дақиқа ўқиш113 648 кўришлар0 изоҳ0
Foto: Google Photos

1880 йил 11 ноябрда тарихдаги биринчи бойкот эълон қилинди. Бугун ҳар қандай масала ва жабҳада «бойкот» сўзининг қўлланилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Парламент фракциялари овоз беришни бойкот қилмоқда, антиглобалистлар McDonald’sни бойкот қилишга чақирмоқда, баъзида турли жамоалар ичида бойкот эълон қилишяпти. Бойкот «дунёга келган» кун муносабати билан «Дарё» атама тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Бойкотнинг «туғилиши»

Бугун деярли барчамиз бойкот сўзидан фойдаланамиз. Унинг маъноси ҳам бизга яхши таниш. Атама қандай келиб чиққани ҳақида маълумотга эгамизми? Бойкот XIX асрда яшаган инглиз мулкдорларидан бирининг исмидан бошқа нарса эмас.

Нафақага чиққанидан сўнг инглиз армияси капитани Чарльз Каннингем Бойкот ўзининг Ирландиядаги мулкини бошқаришга киришди. 1880 йилда ҳосилнинг яхши бўлмагани ва бунинг ортидан собиқ капитаннинг ерида ишловчиларнинг аҳволи оғирлашиб қолганига қарамай, у ижарачилардан ўзига тегишли бўлган пулни дарҳол тўлашни талаб қилди, акс ҳолда барча мол-мулкларни деҳқонлардан тортиб олиш билан уларни қўрқитди.

Ўша йили ҳосил кам бўлгани сабабли, ер эгаси Лорд Эрна ўз ижарачиларига ижара ҳақларини 10 фоизга камайтиришни таклиф қилди. Бунга норозилик билдирган ижарачилар 25 фоизлик чегирмани талаб қилди, Лорд эса буни рад этди. Натижада Бойкот ўн битта ижарачини ердан ҳайдаб чиқаришга уринди. Орадан кўп вақт ўтмай ҳеч қандай муросага келинмагач, ижарачилар ўз участкаларидан ҳайдаб чиқарилди. Бунга жавобан улар ҳавас қилса арзигулик бирдамлик кўрсатди.

11 ноябрда ҳайдаб чиқарилган деҳқонлар бир овоздан норозилик акциясини бошлайди, унинг моҳиятини ва шартларини норозилик ҳаракати иштирокчиларидан бири Чарльз Парнел шундай тавсифлайди: «Кимда ким деҳқонлар чиқариб юборилган ҳудудларни ижарага олса, у билан бир жойда – катта йўлда, шаҳар кўчаларида, дўконда, ярмаркада, бозорда ва ҳатто ибодатхонада ҳам – учрашиб қолишдан қочишга ҳаракат қилинг. Бир пайтлар моховлар билан бўлганидек, уни қаттиқ ёлғизликка маҳкум этиш орқали сиз унга қилган жинояти сизни қандай ғазаблантираётгани ва ундан жирканишга ундаётганини кўрсатишингиз керак. Бутун Ирландия бўйлаб оддий аҳоли ушбу тизимга амал қилса, сиз ўз яшаш ҳудудингизда жамоатчилик фикрига зид келадиган ва сизнинг ахлоқ кодексингизни бузадиган қарорлар қабул қиладиган, ўз манфаатлари билан маст бўлган одамларнинг йўқлигини таъминлайсиз!»

Фото: Google Photos
Ушбу кампаниянинг биринчи қурбони Чарльз Бойкот эди. Қилган иши ортидан унинг оиласи қўшниларидан бутунлай ажралиб, ўзи эса аянчли қашшоқликка тушиб қолди. Кўриб турганингиздек, ушбу муваффақиятсиз капитаннинг фамилияси машҳур атамага айланди, «бойкот» сўзи эса дунёнинг кўпгина тилларига, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам кириб келди.

Чарльз Бойкот ким эди?

Капитан Чарльз Каннингем Бойкот (1832 йил 12 март – 1897 йил 19 июнь) Норфолкда туғилган эди. Ирландияда Чарльз Бойкот Мейо округидаги катта ер эгаси лорд Эрна қўлида бошқарувчи бўлиб ишлади. Деҳқонларга нисбатан қилган ноҳақ ҳаракатлари унинг ўз номи билан юритилувчи ҳаракатнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Қўшнилар у билан гаплашишни тўхтатди, дўконлар унга хизмат қилишдан бош тортди, ҳатто черковда одамлар унинг ёнида ўтирмасди ва у билан гаплашмасди. Бойкотга қарши кампания инглиз матбуотида ўз сакс-садосини топди, марказий газеталар ғарбий Ирландияга мухбирларини юборди. Намойишчиларга қарши курашиш учун ҳукумат кўплаб ҳаракатларни амалга оширди, сабаби, капитаннинг хатти-ҳаракати билан бошланган ҳаракат бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб кетган эди. Ҳукумат норозиликларнинг олдини олиш мақсадида оддий армия полки ва минг нафар ирландиялик полициячиларни жалб қилди. Капитан ушбу кампаниянинг биринчи қурбонига айланди – қашшоқликка тушиб, 1886 йил 1 декабрда Ирландияни тарк этди.

Бугунги куннинг «бойкот»и нима?

New York Тribune мухбири Жеймс Редпат биринчи бўлиб халқаро матбуотда бойкот ҳақида ёзган эди. Атама The Times томонидан 1880 йил ноябрда уюшган ҳаракат маъносини англатувчи атама сифатида ишлатилди. (Stanford, Jane, That Irishman: the Life and Times of John O’Connor Power, pp. 95–97.) Газета шундай ёзган эди: «Нью-Паллас аҳолиси уларни «бойкот қилишга» қарор қилди ва уларга озиқ-овқат ёки ичимлик етказиб беришдан бош тортди».
Фото: Google Photos
«Бойкот» атамаси бугунги кунда қандай маънода қўлланилади? Бойкот сиёсий ва иқтисодий кураш шакли бўлиб, бирон бир шахс, ташкилот, корхона билан алоқаларни тўлиқ ёки қисман бекор қилишни, муайян корхона маҳсулотларини сотиб олишдан бош тортишни ўз ичига олиши мумкин. «Бойкот» сўзи кенг миқёсда мамлакатлараро алоқаларда ҳам кўриниш беради. БМТ низомига биноан халқаро муносабатларда тинчликка рахна солмасдан (қуролли кучлардан фойдаланмасдан) бойкот амалга ошириш мумкин. Бунда бир мамлакат бошқа мамлакат билан боғлиқ ҳар қандай муносабатларини бекор қилади.

Машҳур бойкотлар

Дастлабки машҳур бойкотлардан бири, «бойкот» сўзи фанга кириб келишидан олдин XVIII аср охирида Англияда аболиционистик ҳаракат вакиллари томонидан амалга оширилди. Ҳаракат аъзолари шакарқамиш ва бошқа қуллар меҳнати орқали ишлаб чиқариладиган ҳар қандай маҳсулотни истеъмол қилишдан бош тортди ва охир-оқибат Лондон дунёсининг катта қисмини шакар билан чой ичишдан бош тортишга кўндиришга муваффақ бўлди. Бу воқеа 1833 йилда Британия империясида қулликни бекор қилинишига катта туртки бўлди.

1933 йил 1 апрелда фашистлар Германиясида яҳудий корхоналари ва дўконларини оммавий бойкот қилингани давлат даражасида уюштирилган илк расмий бойкот сифатида тарихга кирди (Stanford, Jane, That Irishman: the Life and Times of John O‘Connor Power, pp. 95–97).

Олимпия ўйинларини бойкот қилиш ҳам кенг тарқалган ҳодисалардан биридир. Масалан, Қўшма Штатлар ва унинг бир қатор иттифоқчилари 1979 йилда Совет қўшинлари Афғонистонга бостириб киргани ортидан 1980 йил Москвада бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларини бойкот қилди. Бунга жавобан СССР ва социалистик мамлакатларнинг аксарияти 1984 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларини бойкот қилди.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар