Ижтимоий тармоқларда Реал Санжик номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримов иши судга ошгани хабар берилганди. У судда ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, фирибгарлик ҳамда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар содир этишда айбланмоқда. Тадбиркорга оид суд ишининг 1 май куни давом этган навбатдаги мажлисида давлат айбловчиси судланувчига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўради. Бу ҳақда суд мажлисида қатнашган “Дарё” мухбири хабар берди.
Фото: “Дарё”
2026-йилнинг 27 апрель куни суд тергови якунланиб, музокарага ўтилганди. 1 май куни давом этган музокарада дастлаб прокурор — давлат айбловчиси Наврўз Сафаров сўз олиб, Санжар Каримовга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши кераклигини, шунингдек, унга базаваий ҳисоблаш миқдорининг 525 баравари миқдорида жарима жазосини сўради. Қолаверса, прокурор Санжар Каримов жабрланувчилар — Олимбоевлар оиласининг 240 минг долларга баҳоланган хонадонини қайтарганини инобатга олиш кераклигини эслатди.
Наврўз СафаровФото: “Дарё”
Музокарада шунингдек, Санжар Каримовнинг адвокатлари ҳам сўз олиб, тадбиркорга нисбатан бўлаётган ҳолатлар уюштирилганини, буни жабрланувчи Феруза Раҳматуллаева ҳам ўз кўрсатувида тасдиқлаганини, қолаверса Санжар Каримов хонадонида ўтказилган тинтув ҳам ноқонуний равишда амалга оширилганини билдирди.
Фото: “Дарё”
Реал Санжик воқеаси
Тошкентда бўлажак келин-куёв билан боғлиқ можарони кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди айбдор Шаҳзод Рисқиевни 9 йилга қамаш баробарида Санжар Каримовнинг ушбу фирибгарлик ишидаги иштирокини текшириб, хатти-ҳаракатининг қонунийлигига баҳо бериш учун прокуратурага хабарнома юборганди. Кўп ўтмай Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган махсус рейд давомида Санжар Каримов қўлга олингани, товламачилик, ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш сингари жиноятларни содир этишда гумонланаётгани маълум бўлганди. Иш судга ошгач, Реал Санжик Жиноят кодексининг бир нечта моддалари — 112-модда 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш), 168-модда 4-қисми (фирибгарлик) ҳамда 273-модда 2-қисми (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар)ни содир этишда айбланаётгани очиқланди.
Фото: “Дарё”
Санжар Каримов иши Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Баҳром Бердиев раислигида кўриб чиқилмоқда. Ишда икки нафар жабрланувчи — Феруза Раҳматуллаева ҳамда Шаҳло Олимбоева бор.
Суд 7 май куни соат 16:30 га қадар танаффус эълон қилди.