Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида суткасига 1 миллион куб метр оқова сув тозалаш қувватига эга бўлган замонавий оқова сув тозалаш иншооти қурилади.
“Ўзсувтаъминот” матбуот хизматининг хабар қилишича, лойиҳа Abu Dhabi Sustainable Water Solutions ва унинг технологик ҳамкорлари сифатида танланган SUEZ (Франция) ва Marubeni (Япония) компаниялари консорсиуми томонидан амалга оширилади.
Унга кўра, Қуйи Чирчиқ тумани “Сурум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида суткасига 1 миллион метр куб оқова сув тозалаш қувватига эга бўлган замонавий оқова сув тозалаш иншооти ва 42 километрли оқова сув коллекторларини қуриш ишлари кўзда тутилган.
Лойиҳанинг дастлабки параметрларига кўра, биринчи босқичда иншоотнинг қуввати суткасига 1 миллион куб метр бўлиб, кейинчалик 1,5 миллион куб метрни ташкил этади.
“Лойиҳанинг афзаллиги шундаки, унда замонавий технологияларни жорий қилиш натижасида, оқова сув тозалаш жараёни самарадорлиги янада оширилиши ва ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш таъминланади. Яъни 10 миллион киловаттдан кўпроқ электр энергия иқтисод қилинишига замин яратилади.
Шунингдек, ушбу лойиҳа нафақат техник инфратузилмани ривожлантиради, балки Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги санитар-эпидемиологик ва экологик ҳолатни яхшилайди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 1,5 миллионга яқин аҳолининг оқова сув хизмати яхшиланади ва 500 мингдан ортиқ аҳоли ҳамда юздан ортиқ корхона-ташкилотлар марказлашган оқова сув хизмати билан таъминланади.
Маълмот учун, Abu Dhabi Sustainable Water Solutions (SWS) БААдаги оқова сувларни йиғиш, тозалаш ва қайта ишлатишнинг ягона ташкилотчисидир.
Изоҳ (0)