Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани ИИО ФМБга 26 июль куни тунги соат 01:00 ларда кўп қаватли уйнинг хонадонларидан бирида шовқин-сурон бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа жойига ИИБ ходимлари етиб келганида, хонадонда 28 ёшли М.А. ва 27 ёшли С.М. борлиги аниқланган.
Ходимларни кўриб, улар ўзини шубҳали тутиб, саволларга тушунарсиз жавоб беришган. Холислар иштирокида хонадон текширилганида, ётоқхонадаги шкафдан С.М.га тегишли жами оғирлиги 59,92 гр гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган.
Ушбу гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган ва тегишли ҳужжатлар билан терговга тақдим этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)