Ҳиндистон ғарбида, Гужарат штатида, чивинлар ва каналар чақиши орқали юқадиган кам ўрганилган чандипур вируси тарқалди. Бу ҳақда NDTV хабар берди.
Касаллик оқибатида аллақачон камида 16 киши вафот этган, 50 га яқин одам вирусга чалинган. Чандипур вируси биринчи марта 1965 йилда Чандипура қишлоғида энсефалит эпидемияси пайтида аниқланган. Мазкур вирусга қарши махсус даво ёки вакцина йўқ. Касаллик аломатлари шиш ва диареядан иборат — бу билан энсефалит симптомларига мос келади.
Гужарат соғлиқни сақлаш вазири Рушикеш Пател вируснинг учта ҳолати бошқа штатлардан келганини айтмоқда.
“Гужаратда болаларда чандипур вируси белгилари аниқланди, бу эса маълум даражада қўрқув уйғотди”, деди у ва эпидемия энсефалит оқибатлари билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Ҳиндистон расмийлари эпидемияга қарши кампания бошлаган, касаллик авж олган ҳудудларда малатион кукуни сепилмоқда. Гужарат штатининг бошқа туманларидан вирус юқтириш ҳолатлари ҳақида хабарлар келишда давом этмоқда.
Изоҳ (0)