1 декабрь куни Исроил ҲАМАС билан сулҳ бузилганини эълон қилиб, ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаганидан кейин Ғазода Исроилнинг янги зарбаларидан ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al-Jazeera хабар бермоқда.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, бугунги зарбаларда 32 киши ҳалок бўлган, кўплаб одамлар жароҳатланган.
ОАВ Исроил армияси томонидан Ғазонинг Хон Юнис ва Дабалия шаҳарларига берган авиазарбалари оқибатлари акс этган видеоларни чоп этди.
Исроил Ғазонинг жанубий қисмидаги одамларни эвакуация қилишга чақирувчи варақаларни ташлаб, ҳужум кенгаяётганини билдирган.
Халқаро воситачилар, шу жумладан, Қатар, Миср ва АҚШ томонлар ўртасида сулҳни қайта тиклашни ва ўт очишни тўхтатишни талаб қилди. Кейинроқ Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва Фаластин ўртасида сулҳга қайтиш мақсадида музокаралар давом этаётганини хабар қилди.
ҲАМАС янги жангларнинг бошланишига Исроил жавобгар эканини айтмоқда. Исроил томони эса ҲАМАСни сулҳни бузишда айбламоқда.
7 октябрдан бери давом этаётган жангларда Ғазода 15 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда, расмий маълумотларга кўра, қурбонлар сони 1200 га яқинлашди.
Изоҳ (0)