Ўзбекистонда ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаганлик учун навбатдаги давлат гранти ажратилади. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева бунинг учун тадбиркорлар 25 ноябргача тегишли маҳалла фуқаролар йиғинларига лойиҳа таклифларини ва ҳужжатларини тақдим этишлари мумкинлигини айтди.
Давлат гранти хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда уларни касбга ўқитиш фаолияти билан боғлиқ битта ижтимоий лойиҳа доирасида 20 нафаргача хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига ҳар 1 нафар бандлиги таъминланадиган ишсиз хотин-қиз учун 3 миллион сўмдан ошмаган миқдорда ажратилади.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали тақдим этилган лойиҳалар 28 ноябргача туман-шаҳар ишчи гуруҳлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ кўриб чиқилади.
30 ноябргача ҳудудий бошқармалар томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитасига давлат гранти ажратилиши сўралган буюртманома юборилади. Лойиҳалар 15 декабргача Республика комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Комиссия қарорига кўра 2023 йил 20 декабргача Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан навбатдаги давлат гранти ажратилади.
Ўзбекистонда бандлиги таъминланадиган ҳар бир нафар ишсиз хотин-қиз учун тадбиркорларга 3 миллион сўмгача давлат гранти ажратиш 2022 йилдан бошланганди.
Изоҳ (0)