Швециялик экофаол Грета Тунберг Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларига қарши митинг ўтказди. Унинг фикрича, Исроил армияси зудлик билан ўт очишни тўхтатиб, Ғазо секторидаги қуруқликдаги операциядан воз кечиши керак.
“Бугун биз Фаластин ва Ғазо сектори билан бирдамлик учун намойишни бошладик. Бутун дунё зудлик билан ўт очишни тўхтатишга, фаластинликлар ва жабрланган барча тинч аҳолига адолат ва эркинлик беришга чақириши керак”, — деб ёзди Грета Тунберг Instagram саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, Фаластин-Исроил можаросига имкон қадар тезроқ тинч йўл билан ечим топиш зарур. Шунингдек, у ўзи ва бошқа намойишчилар Фаластин давлати ва Ғазо сектори аҳолисини қўллаб-қувватловчи баннерлар ушлаб турган суратини жойлади.
Исроилнинг ҲАМАС билан уруши 7 октябрдан бери давом этмоқда. Исроил 1,4 минг киши ҳалок бўлганини маълум қилди, Фаластин эса қурбонлар сонини 3,7 минг киши деб ҳисоблайди.
Кеча, 19 октябрь куни Исроил мудофаа вазири Ёав Галант Ғазода кенг кўламли қуруқликдаги операция яқинда бошланишини маълум қилганди.
Изоҳ (0)