Озарбайжон ҳукумати тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси собиқ президенти Араик Арутюнянни, шунингдек, армия қўмондони Жалол Арутюнянни халқаро қидирувга берди. Бу ҳақда Озарбайжон бош прокурори Камран Алиев маълум қилди.
“Араик Арутюнян, Жалол Арутюнян, шунингдек, Давид Бабаян 2020 йилдаги 44 кунлик уруш пайтида содир этган жиноятлари юзасидан халқаро қидирувда”, — деди у.
Алиевнинг сўзларига кўра, Боку Қорабоғнинг 300 дан ортиқ амалдор ва қўмондонларини халқаро қидирувга берган.
Озарбайжон Бош прокуратураси аввалроқ 29 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси собиқ ташқи ишлар вазири, унинг президенти маслаҳатчиси Давид Бабаян ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди.
Бабаян 2020 йилда агрессив уруш бошлаш ва олиб бориш, ёлланма аскарларни ёллаш, жиноий буйруқлар бериш ва бошқа моддалар бўйича айбланиб, халқаро қидирувга берилган. 28-сентябр куни Бабаян Озарбайжон ҳукуматига таслим бўлишга қарор қилганини айтган.
- 27-сентябр куни Озарбайжон ҳукумати Қорабоғдан Арманистонга кетмоқчи бўлганида россиялик миллиардер ва таниқли инвестор, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси “ҳукумати” раҳбари бўлган Рубен Варданянни қўлга олган. Эртаси куни унга “терроризмни молиялаштириш” айблови қўйилган. Варданян тўрт ой ҳибсга олинган.
- 29 сентябрь куни Озарбайжон томони Қорабоғ армиясининг собиқ қўмондони, генерал-лейтенант Левон Мнацаканянни ҳам қўлга олган.
- 28 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ президенти Самвел Шаҳраманян 2024 йил 1 январдан республиканинг мавжудлигини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
Аҳолига Озарбайжон томонидан тақдим этилган “реинтеграция шартлари билан танишиш” ва Қорабоғда қолиш имконияти тўғрисида “мустақил ва индивидуал қарор” қабул қилиш буюрилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Қорабоғда яшовчи 120 минг аҳолининг 100 мингдан ортиғи Арманистонга кўчиб ўтган.
Изоҳ (0)