Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Конгрессида республикачи танқидчилар билан учрашар экан, агар миллиардлаб долларлик ёрдам оқими кесилса, Киев урушда ютқазишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Демократик сенат етакчиси, президент Жо Байденнинг Украинапараст сиёсатининг етакчи тарафдори Чак Шумернинг айтишича, Зеленский унга “агар ёрдам олмасак, урушда ютқазамиз”, деб айтган.
2022 йил февралида АҚШ Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашига бошчилик қилди, Конгресс шу кунгача 100 миллиард доллардан ортиқ ёрдам, жумладан, 43 миллиард долларлик қурол-яроғ беришни маъқуллаган.
Аммо Республикачилар партиясида ҳукмронлик қилаётган ўнг қанот фракция ёрдамни тўхтатиш кераклиги ҳақида гапирмоқда. Сенатдаги озчиликлар етакчиси Митч Макконнелл эса АҚШнинг Украинага ёрдамини ҳимоя қилган.
“Американинг Украинани қўллаб-қувватлаши хайрия эмас. Бу тўғридан-тўғри манфаатларимиз учун қилинган сармоядир. Россиянинг ҳарбий қудратини пасайтириш бизнинг асосий стратегик рақибимиз Хитойни тўхтатишга ёрдам беради”, — деган у.
Зеленский Вашингтонга келганида “муҳим музокаралар” кутаётгани ва “Украина учун ҳаво мудофааси энг муҳим масалалардан бири эканини” айтган. Бу унинг уруш давридаги Конгрессга иккинчи ташрифи, ташриф давомида у Пентагонга бориши, Оқ уйда Байден билан учрашиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)