Аргентиналик футболчи Лионель Месси катта футболда 2003 йилда дебют қилган, португалиялик юлдуз Криштиану Роналду эса 2002 йилда. Иккаласининг рақобати узоқ йиллар давом этди. Шу вақт ичида бир неча футболчилар Роналду билан ҳам, Месси билан бирга ўйнашга муваффақ бўлди. Уларни ёдга оламиз.
Тўққиз нафар аргентиналик футболчи: Улар Роналду билан “Манчестер Юнайтед” ва “Ювентус”да шерик бўлганди
Габриэль Ҳайнце
Ҳайнце “Манчестер Юнайтед”да уч мавсум ўйнаб, Роналду билан бирга АПЛни забт этганди. Уларнинг йўли “Реал”да ҳам кесишиши мумкин эди, бироқ португалияликнинг мадридликлар сафига ўтишидан бир оз муддат олдин Габриэль клубни тарк этганди. Ҳайнце Месси билан бирга Аргентина терма жамоасида ўйнаган ва иккита Жаҳон Чемпионатини ўтказганди.
“Криштиану футболчи сифатида янада яхшиланади деб ўйламайман, чунки у ҳозирнинг ўзида энг яхшиларидан”, — деганди аргентиналик 2000 йилларнинг охирида. Лео ҳақида эса: “Футбол нуқтаи назаридан олиб қарасак, Месси бу сайёрадан эмас”, — деган эди.
Фернандо Гаго
Гаго Роналдунинг “Реал”даги дастлабки икки мавсумида бирга ўйнаган, Месси билан бирга уч марта кумуш медални қўлга киритган — Америка Кубоги мусобақалари ва ЖЧ—2014 да.
Гаго фаворит борасида аниқ танлов қилган: “Роналду мен учун биринчи рақамли эмас. Дунёдаги энг яхшиси — Месси. У такрорлаб бўлмас қобилиятга эга. Шубҳасиз, мен кўрганлар ичида у энг зўри”.
Карлос Тевес
Тевес Роналду билан бирга “Манчестер Юнайтед”да 6 та совринга эга чиққан, жумладан, АПЛ ва Чемпионлар Лигаси совринлари. Месси билан бирга эса иккита мундиални ўтказган ва Америка Кубоги финалларида мағлубиятга учраган.
Карлос иккала футболчини ҳам ҳурмат қилишини, бироқ доим Лео томонда бўлишини таъкидлаган.
Анхел ди Мария
Анхел “Реал”да бир неча мавсум ўйнаган ва Роналдунинг голларига ассистентлик қилган. Месси билан 4 та Жаҳон Чемпионатида иштирок этган ва ғолибликни қўлга киритган сўнгги мундиалда иккаласи ҳам гол урганди.
Руни, Ибраҳимович, Месси ва Роналду билан бирга ўйнаш орзу бўлганини айтиб ўтганди ди Мария. “Агар бирини танлаш керак бўлса, бу албатта, Месси бўлади”, — дейди аргентиналик футболчи.
Гонсало Игуаин
Гонсало Роналду билан “Реал”да ҳам, “Ювентус”да ҳам бирга тўп сурган. Португалиялик билан компания сифатида Игуаин бир нечта совринларни қўлга киритган. Аргентина терма жамоасида эса Месси билан жамоадош бўлиб, доимий босимлар остида ҳаракат қилган.
Эсекиэл Гарай
Худди Гаго сингари Гарай ҳам Роналду билан “Реал”да ўйнаган. Лекин Эсекиэл Мадрид клуби сафида асосий таркибдан жой ололмади. Месси билан эса икки марта олтин медалга яқин келди — ЖЧ ва Америка Кубогида.
Танлов борасида эса унда ҳеч қанақа шубҳа йўқ: “Тарихдаги энг яхши футболчи ҳақида сўрашганда, мен Лео деб жавоб бераман. Уни илк бор Аргентина У-15 терма жамоасида кўрганман, шундан буён у ҳамон мени ҳайратга солиб келмоқда”.
Пауло Дибала
Дибаланинг Криштиану билан йўли “Ювентус”да кесишган, туринликлар сафида улар дўстга айланди, жуда кўп мулоқот қилди, урилган голларни бир-бирининг услубида нишонлади. Лео билан бирга эса ЖЧ—2022да ғалаба қозонди. Пауло Роналду билан мулоқоти ҳақида гапираркан: “Ёшлигимда уни кўришга кўзим бўлмаганини айтдим. Биз кулишдик. У билан муносабатлар жуда яхши”, — дейди.
Танлов борасида эса Дибала: “Иккаласидан бирини танлаш ёки иккаласини солиштириш имконсиз”, — деган жавобни берган.
Алехандро Гарначо
Рўйхатдаги энг ёш футболчи. Алехандро 2022 йилда Криштиану билан манкунианликлар сафида бирга тўп суришга муваффақ бўлди. Аргентина терма жамоасида эса 2023 йил ёзида дебютини нишонлади.
19 ёшли футболчи 2022 йил баҳорида Роналдуни барча даврларнинг энг яхши футболчиси деб атаган.
Лисандро Мартинес
Аргентиналик футболчи 2022 йил ёзида “қизил иблислар” сафига ўтди ва Роналду билан бир жамоада ўйнади.
Мартинес ЖЧ—2022 вақтида Леонинг ўйинларидан ҳайратга тушганини билдирган: “Месси майдонда бўлганда, жамоадоши сифатида сен ҳам яхшироқ ўйнашга интиласан. У энг зўри. У билан бир жамоада ўйнаётганидан фахрланаман”.
Португалияликлар саккиз нафар: Уларнинг барчаси ҳам Месси билан бирга “Барселона”да ўйнамаган
Деку
Деку 2000 йилларнинг бошида ёш Мессига “Барселона”га мослашишига ёрдам берган. Роналду билан бирга тўртта катта турнирда иштирок этган. Деку иккаласи ҳақида ҳам фикр билдиришда айёрона усулдан фойдаланган: “Мени Роналдиньо кўпроқ ҳайратга солган, у мен учун доим энг яхшиси бўлиб қолади”.
Андре Гомеш
Гомеш каталонияликлар сафига ўтганидан сўнг, жуда катта босим остида қолди. Бу ҳақида унинг ўзи: “Уйимдан чиқишни хоҳламай қолгандим, муҳокамалардан чарчагандим. Бундай ҳолат бир неча бор юз берганди”, — дейди. Португалия терма жамоаси билан ҳам ишлари ўхшаган деб айта олмаймиз, бироқ Роналду билан бирга Евро—2016 да зафар қучган.
Гомеш иккала юлдузни ҳам бирдек ҳурмат қилишини айтиб ўтган.
Нелсон Семеду
Гомеш каби Семеди ҳам иккала футболчи билан соврин қўлга киритишга муваффақ бўлган. Месси билан бирга Ла Лига чемпионлигига эришган бўлса, Роналду билан бирга Миллатлар Лигаси совринига эга чиққан.
Нелсон улар ҳақида гапираркан, Роналдунинг Испания чемпионатини тарк этиши, “Барселона” учун унчалик ёмон хабар бўлмагани, Лео эса бошқа сайёрадан эканлигини таъкидлаган. Бу ерда дуранг натижа деса ҳам бўлади.
Данилу
Данилу Роналду билан Еврода ҳам Миллатлар Лигасида ҳам ғалаба қозонган. Месси билан эса “ПСЖ”да бирга ўйнаган. Футболчи ҳеч шубҳаси португалияликни танлайди: “Роналду — энг яхшиси. У қандай ўйнайди, қандай ишларни амалга оширади, менимча, ҳеч ким ундан ўтиб кета олмайди”.
Франсишку Тринкау
Португалиялик Леонинг “Барселона”даги сўнгги мавсумида у билан бирга ўйнашга муваффақ бўлган. Роналду билан бирга эса Португалия терма жамоасида бир нечта ўйин ўтказган. Тринкау иккала юлдуз ҳақида дипломатик жавоб беради: “Роналду билан ҳам, Месси билан ҳам ўйнаганимдан фахрланаман. Иккаласидан қайси бири яхшироқ эканлигини айтиш иложсиз”.
Нуну Мендеш
Мендеш Мессини ҳам, Роналдуни ҳам ўз кумири деб ҳисобламайди. “Лео ва Криш билан бир жамоада ўйнаш — кўпчилик учун орзу. Лекин менинг севимли футболчим ўз позициямга яқин бўлган Жорди Альба.
Витиня
Португалиялик ярим ҳимоячи “ПСЖ” ўтиши билан ўша машҳур саволдан қутулиб қололмади. “Менинг жавобим аниқ, уларни таққослашни иложи йўқ. Улар билан бирга ўйнаш эса — улкан фахр”, — деганди Витиня.
Ренату Саншеш
Евро—2016 қаҳрамони 2022 йилда “ПСЖ”га ўтганди. Парижда эса унинг ишлари юришмади, бутун мавсум давомида атиги 905 дақиқа майдонга тушди ва Мессининг ортидан у ҳам клубни тарк этиши кутилмоқда.
Яна тўққиз нафар футболчи Месси ва Роналду билан клублар миқёсида бирга ўйнаган
Херард Пике
Роналду билан “Манчестер Юнайтед”да қисқа муддат бирга ўйнаган испаниялик ҳимоячи “Барселона” сафида Месси билан биргаликда айнан Криштиану тўп сурадиган “Реал”га қарши жуда кўп майдонга тушган. Пике уларнинг иккиси ҳақида шундай дейди: “Месси одам эмас, Роналду эса одамлар ичида энг яхшиси”.
Ҳенрик Ларссон
Мессиси бор “Барселона”га ўтган — чемпионга айланган. Роналдуси “Манчестер Юнайтед”га ўтган — чемпионга айланган. Месси билан икки мавсум бирга ўйнаган. Роналду билан эса бир неча ой бир жамоада тўп сурган.
Ларссон аргентиналик футболчини кўпроқ яхши кўришини айтиб ўтган: “Роналду — жуда зўр футболчи, лекин Месси ундан яхшироқ”.
Мартин Касерес
Уругвайлик футболчи “кўк-анорранглилар” сафида Лео билан бирга ўйнаган. Шундан сўнг Касерес Италия чемпионатида фаолият олиб борган ва “Ювентус”да Роналду билан бирга ўйнаган.
Мартин ҳеч қачон Месси ва Роналдуни таққосламаган.
Артур
Бу ерда ҳам “Ювентус” ва “Барселона”. Артур Месси билан бигра Испания чемпионлиги ва мамлакат Суперкубогини қўлга киритган. Криштиану билан эса Италия Кубоги ва Суперкубогида зафар қучган.
“Роналду кийим алмаштириш хонасида жуда фаол. У ҳамма билан суҳбатлашади ва яхши муносабатда бўлади. Ҳар бир инсонда етакчилик қобилиятини намоён этадиган жиҳатлари бўлади. Месси эса буни ўз ҳаракатлари билан амалга оширади”, — дейди Артур.
Миролим Пьянич
Босниялик ярим ҳимоячи “Ювентус” сафида 4 мавсум ўйнаб, уларнинг барчасида скудеттони қўлга киритган.
“Барселона”да эса битта оғир мавсумни ўтказган. Роналду билан ҳам, Месси билан ҳам бирга ўйнаган Пьянич иккаласини ҳам мақтайди: “Роналду — барча нарсаларга аҳамият берадиган ҳақиқий спортчи. Месси эса ўзга сайёралик, мутлақ феномен”.
Кейлор Навас
Рўйхатдаги ягона дарвозабон. Навас Роналду билан бирга уч марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган. Месси билан эса “ПСЖ”да бирга ўйнади.
Навас Леони алоҳида эътироф этади: “У — ажойиб инсон. Бир пайтлар бир-биримизга қарши ўйнаганмиз, лекин бир жамоада ўйнаганимизда эса унинг камтарлиги, оддий ва меҳнаткаш инсонлигини кўриб ҳайратланганман”.
Серхио Рамос
Энг кутилмаган бурилиш: Рамос ва Месси “Эл-класико”ларда доим бир-бирига қарши ўйнарди, баъзан зиддиятларга борарди. Бироқ, 2021 йилда иккала футболчининг йўли “ПСЖ”да кесишади. “Криштианунинг ўйинини эътироф этиш учун янги сўзлар ўйлаб топиш керак”, — деганди Рамос “Реал”даги жамоадоши ҳақида.
“ПСЖ”га ўтгач эса: “Лео мен учун дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири, агар энг яхшиси бўлмаса”, — деган эди.
Ашраф Ҳакими
Марокашлик футболчи Роналдунинг “Реал”даги сўнгги мавсумида у билан бирга ўйнаган ва барча мусобақаларда 17 та ўйин ўтказган. Месси билан эса “ПСЖ”да бирга ҳаракат қилди.
Агар энг кучли кимлигини сўраш керак бўлса, яхшиси Ҳакимидан сўрамаган маъқул: “Улар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Совринларга чанқоқ бўлган чемпионлар. Иккаласи билан ҳам бирга ишлаб, жуда кўп нарса ўрганганман”.
Пабло Сарабия
Сарабия Роналду билан бирга расмий ўйинларга бир пайтда майдонда бўлмаган. Фақатгина битта ўйинда айнан португалиялик футболчининг ўрнига майдонга тушган. Месси билан эса Парижда бирга ўйнаган. Пабло “ПСЖ”даги сўнгги икки мавсумда кўп майдонга тушмаган ва охирида ижарага кетган эди.
Испаниялик футболчидан танлов қилишни сўраганда: “Мен учун Роналду — дунёнинг энг яхши футболчиси. Ҳа, Лео қойилмақом футболчи, унинг услуби ўзга сайёраликларникига ўхшайди”.
Изоҳ (0)